Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимояси бўйича янги тартиб ва устувор вазифалар белгилаб олинди.
Давлат раҳбари йиғилишда, эндиликда даромад топиш имконияти чекланган ва ногиронлиги бор шахслар камбағаллар реестрида юритилмаслиги, уларни қўллаб-қувватлаш тўлиқ давлат зиммасига олинишини таъкидлади.
2026 йилдан “Тенг имкон – инклюзив бандлик” лойиҳаси амалиётга жорий қилинади. Ушбу ташаббус доирасида ногиронлиги бўлган 40 минг нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Шу мақсадда Бандлик жамғармаси томонидан уларга 30 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш тизими йўлга қўйилади.
Йиғилишда, шунингдек, камбағалликка қайта тушиш хавфи бўлган оилалар учун мавжуд ижтимоий ёрдам ва имтиёзлар сақлаб қолиниши қайд этилди. Улар 6 ой давомида моддий ёрдам ва болалар нафақасини олишда давом этади. Шунингдек, боғча ва тўгарак харажатларини қоплаш, даволаниш ордери каби 110 та турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдамдан 12 ой мобайнида қўшимча фойдаланиш имконияти яратилади.
Бундан ташқари, оғир ҳаётий вазият туфайли камбағаллик хавфи юқори бўлган оилаларни олдиндан аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш тизими кучайтирилади.
Ушбу вазифалар ижроси устидан назорат, шунингдек, вилоят ҳокимликлари билан ҳамкорликда уларни амалиётга жорий этиш масъулияти Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева зиммасига юклатилди.


