Имтиҳон яқин. Саноқли кунлардан сўнг ғалвир сувдан кўтарилади. “Сувда қолиб кетмаслик” учун ҳам ҳозир ҳамма абитуриентлар олий таълимга кириш учун тайёргарлик кўриш билан овора. Билими бор, омади кулганлар талабалик бахтига муяссар бўлади. Бироқ ўқишга кирганлардан кўра, кирмаганлар кўпчиликни ташкил этади. Хўш, ўқишга кириш ёки кирмаслик ҳаёт — мамот масаласими? Аслида, абитуриент қай мақсадда ўқишга топширади: шунчаки, қўлида олий маълумотли дипломи бўлиши учунми ёхуд ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб, юрт тараққиётига ҳисса қўшиш учунми? Биз бу каби саволларга жавоб олиш мақсадида бугунги ёшлар ўртасида давра суҳбати уюштирдик.
Нега олий ўқув юртига ўқишга топширмоқчисиз? Мақсад нима?

Бибинур Бекмурзоева, 18 ёш: Чуқур билим олиб, давлатга фойдали инсон бўлиш учун.

Гулхумор Жумабоева, 18 ёш: Талаба бўлиш — бу энг катта орзуларимдан бири. Назаримда, ҳар бир абитуриентнинг мақсади университет ёки институтда ўқиш бўлса керак. Мен ҳаётимни янада яхшилаш, олган билимларимни келажак авлодга ўргатиш ва уларни ҳам олий маълумотли қилиб, юртга ўз ҳиссасини қўшадиган инсон қилиб чиқаришдир.

Сайёра Атаниязова, 17 ёш: Олий ўқув юртига топширишимдан мақсад қўлимда расм чизишга ҳунарим бор. Расм чизишга қобилиятим бор. Болалигимдан турли расмлар чизиб тураман.

Нилуфар Хайтимбетова, 18 ёш: Фикримча, яхши жойда ишлаш ёки яхши маош олиш учун диплом шарт эмас. Олий ўқув юртига топширишимдан асосий мақсад эса — Тошкентга кетиш. Бу бироз ғалати туюлиши мумкин. Лекин мен инглиз тили ўқитувчиси бўлишни хоҳлайман. Ўз соҳам бўйича кўпроқ малака олишим, ўзим хоҳлагандек мустақил ҳаётни ўрганишим учун Тошкентга кетишим керак, деб ўйлайман. Чунки у ерда ёшлар учун Нукусга қараганда анча шарт-шароитлар, имкониятлар кўпроқ яратилган. Шунинг учун ҳам ўзим танлаган олий ўқув юртларининг барчасини Тошкентга ёзяпман. Иккинчи тарафдан эса, бу ота-онамнинг хоҳиши деб айтсам ҳам бўлади. Чунки кўча-кўйда ёки бошқа жойда мана шу одамнинг фарзандлари олий ўқув юртида ўқир экан ёки олий маълумотли экан дейишининг ўзи ҳам ота-онага қандайдир бир фахрни олиб келади.
Нега, айнан, ушбу олий таълим муассасасини танладингиз?
Бибинур: Мен Ўзбекистон Миллий Университетининг инглиз тили факультетига ҳужжат топширмоқчиман. Бунга сабаб — ўзим тил ўрганишга қизиқаман. Шу боис соҳам бўйича ўзим ёқтирган ишда ишлашни хоҳлаганим учун ҳам шу олийгоҳни танладим.
Гулхумор: Нукус давлат педагогика институтининг бошланғич таълим факультети ҳужжат топширмоқчиман. Мен бу йўналишни кимнидир тавсияси билан эмас, балки ўз хоҳишим билан топширмоқчиман. Чунки менга болажонлар билан ишлаш ёқади. Уларга бор меҳрим ва билимимни бериб, уларни баркамол авлод қилиб тарбиялашда ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
Сайёра: Қорақалпоқ Давлат Университетининг бадиий санъат факультетига ҳужжат топширмоқчиман. Ҳунар ўрганишга кўпроқ қизиқаман. Оила аъзоларим бунинг сабабини “қонимизда бор” дейишади.
Опаларимнинг гранд асосида ўқиб юрганини кўриб, ҳавасим келади. Қишлоқда ҳунарлилар жудаям кўп. Лекин кўпчилиги ўқимаган. Агар олий ўқув юртида ўқисам, битирганимдан кейин қишлоққа бориб, мактабда ишламоқчиман. Тўгарак очиб, ёшларни касб-ҳунарга йўналтиришни мақсад қилганман.
Нилуфар: Ҳозирги Жаҳон тиллари Университетининг Филология ва тилларни ўқитиш факультетига топширишга ҳаракат қиляпман. Бунга сабаб инглиз тили ўқитувчиси бўлишни хоҳлайман. Тошкентдаги энг нуфузли ва таълими яхши бўлган университетлардан мана шу олийгоҳ деб эшитганман. Бу йўналишни танлашимда эса ота-онамнинг умуман таъсири йўқ. Чунки улар журналистика соҳасида кетишим тарафдори.
Сизнингча, олий таьлим муассасасига кириш учун абитуриент қанча вақт тайёргарлик кўриш керак? Ўқишга кириш жараёнида сизни қийнаётган нарса нима?
Бибинур: 3 йилдан бери тайёрланаман. Лекин, назаримда, 2 йил қунт билан ўқиб, тайёрланиш етарли. Абитуриентликда мени қийнаган нарса деярли бўлмади. Фақатгина фанлардан берилган топшириқлар бирваракайига бериб юборилганда ҳаммасига улгуриш қийналаман.
Гулхумор: Бир йил камлик қилади, икки йил (лекин баъзиларга бир йилнинг ўзи ҳам кифоя). Сабаби, биринчи йил репетитор нима экани, қандай ўқиш кераклигини тушунасан. Ўзим 9-синфдан бошлаб, бир фандан — қорақалпоқ тилини, 10-синфга ўтиб, математикани қўшдим. Шу йиллари бу фанлардан етарлича билимларни олдим. Бу йил эса ўқиганларимни такрорладим. Менга шу вақт оралиғи етарли бўлди.
Сайёра: Шу пайтга қадар мактаб тадбирларда қатнашиб юра берибман. Ўқишга киришга тайёргарлик бошламаган эканман. Лекин шаҳарда шу соҳада ўқиётган опам телеграмдан буни чиз, уни чиз деб ўргатиб, йўл-йўриқ кўрсатиб турди. Шу йил бошидан бери тайёрланяпман.
Мени афсуслантирган нарса — мактабдаги олимпиада-ю тадбирларга қатнашиб юраверганим. Ўқишга тайёрланиш ҳақида жиддий ўйламаган эканман.
Нилуфар: Шахсан ўзим 2 йилдан бери тайёргарлик кўряпман. Бунга биринчи сабаб — топширмоқчи бўлган факультетимнинг балли юқори бўлгани. Агарда, мактабда топширмоқчи бўлган фанлардан чуқурроқ ва яхши билим олган бўлса, абитуриент учун 1 йиллик тўгаракнинг ўзи етарли. Чунки тўгаракда мактабда олинган билимлар такрорланади ва мустаҳкамланади, холос. Абитуриентлик пайтда мени қийнаган нарсалардан бири эса, кўпроқ вақтим тўгарак ва ўқишга кетгани учун ўзим қизиққан нарсалар, соҳалар билан кўпроқ машғул бўла олмаяпман. Шуниси қийин. Чунки турли хил нарсалар ясашга қизиқаман. Тўгаракни бошлашимдан олдин деярли ҳар доим шу машғулот билан банд бўлардим. Бундан ташқари, спорт ва мусиқа тўгаракларига ҳам борардим. Ҳозир ўқишга кириш учун тайёргарлик кўраётганим боис бу машғулотларга умуман вақтим бўлмаяпти.
Бюджет ёки контракт! Фикрингиз қандай?
Бибинур: Ҳамма абитуриент қатори мен ҳам грант асосида ўқишни хоҳлайман. Опам контракт ўқийди. Шароити бор одамга иккаласининг фарқи йўқ деб ўйлайман.
Гулхумор: Шу вақтга қадар тайёрланган бўлсам,контракт бўламан деб ўйламас эдим. Айрим вақтлари менда қўрқув ҳислари бўлади. Лекин, бундай ўйлардан ўзимни олиб чиқаман. Мен албатта, 2022 йил бюджетга ўқишга кираман, деб айтаман. Худо хоҳласа бу ниятимга ҳам эришаман.
Сайёра: Контракт? Билмадим… Иложи борича, бюджет бўлганим қулай. Чунки контрактда ўқиш осон эмас. Бюджет бўлсам, ўқийман. Контракт бўлсам, уйдагилар қийналиб қолишади. Сабаби, қариндошларимизда олдин контрактга кириб, ўқиёлмай ўқишни ташлаб кетганлар бўлган. Мени ҳам контакт ўқишга кўзим етмайди.
Нилуфар: Контракт бўлиш мутлақо хаёлимга келмайди. Чунки ота-онангиз тўгаракка қатнатиб, шунча пул тўлатиб ўқитганидан кейин ҳам, энди ўқишга кирдингиз деганида яна сизга пул тўлаб, ўқитишса, албатта, одам уялади.
Ўқишга кира олмаслик фожиами?
Бибинур: Асло йўқ. Агар ўқишга киришим шунча меҳнат қилиб, узоқ вақт тайёрланганимнинг меваси бўлади. Ота-онам, устозларимнинг умидларини оқлаган бўламан. Шунингдек, катта ҳаётга қўяётган қадамларимнинг биринчиси бўлади.
Кира олмасам хафа бўламан. Лекин уни мусибат сифатида қабул қилиш хато. Чунки ҳаёт шу билан тўхтаб қолмайди.
Гулхумор: Олий ўқув юртига кира олмаслик деган гапни хаёлимга келтирганнинг ўзида мен ҳаётда енгилишимни ўша ерда яна бир бор тан олар эдим. Чунки шунча тайёрланиб ўқишга кира олмаслик одамга оғир ботса керак. Бироқ мен Худо хоҳласа ўқишга бюджет асосида киришимга ишонаман.
Сайёра: Йўқ. Аммо ўқишга кириш ёки кирмаслик ҳаётимда баъзи нарсаларни ўзгартириши мумкин. Масалан, мактаб, синфхоналар, уй деворларига расм чизиб юравераман. Қўлимда ҳунарим бор, бемалол, ҳаётда ўз йўлимни топиб кета оламан.
Нилуфар: Олий ўқув юртига кира олмаслик ҳаётда ҳеч қандай бир фалокатли ёки бошқа бир нарса деб қарашнинг ўзи бироз ғалати. Чунки машҳурларнинг ҳаммаси ҳам университетда ўқишмаган. Яъни агарда сиз ўзингизнинг соҳангиз бўйича кўпроқ билимга эга бўлсангиз ва талантингиз, шижоатингиз юқори бўлса дипломсиз ҳам яхши жойларда ишлаш мумкин. Олий ўқув юртига кириш бу шунчаки ўзингизнинг соҳангиз бўйича кўпроқ малака ва билим олишга имконият деб қаралса бўлади.
Ҳамма абитуриентнинг мақсади бир — талаба бўлиш. Кунни кун, тунни тун демай астойдил ўқиётган, ота-онаси ва яқинларининг ишончини оқлаб, келажакда ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиш учун интилмоқда. Биз барча абитуриентларга омад тилаймиз.
Гулбону Абатбоева


