Озарбайжон президенти Путин ташкиллаштирган саммитда қатнашмади
Илҳом Алиев 21 декабрь куни бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида ҳам қатнашмаган эди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев иш жадвали бандлиги сабабли Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) давлат раҳбарларининг норасмий саммитида қатнашмади. Бу ҳақда Озарбайжон президенти маъмурияти маълум қилди.
Расмий изоҳга кўра, давлат раҳбарининг банд иш жадвали Россияга ташриф буюриш имконини бермаган. Маъмурият вакиллари Озарбайжон МДҲ доирасидаги ҳамкорликка жиддий ёндашишини, ташкилотнинг расмий саммитларида мунтазам иштирок этишини ҳамда аъзо давлатлар билан икки томонлама муносабатларни ривожлантиришни устувор вазифа деб билишини таъкидлади.
Кремль Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган норасмий МДҲ саммитида қатнашмаслик қарорини тушунади, деди Россия раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков.
Песковнинг сўзларига кўра, барча давлат раҳбарларининг жадвали жуда банд, айниқса декабрь ойида, Янги йил олдидан, шунинг учун Кремль Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган норасмий МДҲ саммитида қатнашмаслик қарорини тушунади, деб хабар беради РИА Новости.
Шунингдек, президент маъмурияти Илҳом Алиевнинг 21 декабрь куни бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида ҳам қатнашмаганини изоҳлаб, Озарбайжон Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоси эмаслигини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Владимир Путин ва Илҳом Алиев Душанбеда МДҲ тадбирлари доирасида учрашув ўтказган эди. Шундан сўнг Кремль Москва ва Боку ўртасидаги айрим масалалар юзасидан ечимлар кутилаётганини билдирган.







