«Ўзбекенерготаъмир» АЖ иссиқлик электр станциялари ва марказларида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича ишларни олиб бормоқда. Ҳозирга қадар корхона томонидан станцияларда ўрнатилган қуёш панелларининг қуввати 9,6 МВтни ташкил этади. Олиб борилаётган лойиҳалар якунига етгач, тизимдаги фотоэлектр станцияларининг умумий қуввати 15 МВтга етади.
Маълумки, бугунги кунда энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, бир сўз билан айтганда, энергия самарадорлигини ошириш давлат сиёсатининг устивор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шунга кўра, «яшил» иқтисодиётга ўтишга қаратилган ислоҳотларни кенгайтириш бўйича мамлакатимизда тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишда «Ўзбекенерготаъмир» АЖ томонидан энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган ишлар кўлами сезиларли даражада кенгайди.
Хусусан, корхона томонидан Президентимизнинг ПҚ-4422-сонли “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида шу кунга қадар электр станцияларидаги қуёш фотоэлектр станцияларининг қуввати 9,6 МВт га етказилди. Ҳозирда яна 5,4 МВт қувватларни ишга тушириш орқали умумий қуёш фотоэлектр станцияларининг қувватини 15 МВтга етказиш ишлари олиб бориляпти.


