“Ўзбекистон ЕОИИ оиласига қўшилса, хурсанд бўламиз” — Лукашенко
Беларус Президенти Ўзбекистонни ЕОИИ доимий аъзоси сифатида қабул қилишга тайёрлигини билдирди.

Беларус Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистонни Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига (ЕОИИ) тўлиқ аъзо бўлишга таклиф қилди. Бу баёнот Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган Олий Евроосиё Иқтисодий Кенгаши йиғилишида билдирилди.
Беларус раҳбари ўз нутқида Ўзбекистоннинг ЕОИИ иқтисодий маконига интеграциялашув йўлидаги фаол тараққиётини алоҳида таъкидлади ва мамлакатни ташкилот сафига қўшишдан мамнун бўлишини билдирди.
“Ростини айтсам, Ўзбекистоннинг охир-оқибат ЕОИИнинг тўлақонли аъзосига айланишини кўриб хурсанд бўламиз. Сиз шу йўналишда ҳаракат қиляпсиз ва буни амалга ошириш учун кўп иш қиляпсиз. Агар Ўзбекистон бизнинг оиламизга қўшилса, жуда яхши бўларди. Сизни кўришдан доим хурсанд бўламиз”, – деди Лукашенко ўзбекистонлик ҳамкаси Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаганидан сўнг.
Ҳозирда Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомига эга бўлиб, бу мамлакатга ташкилот доирасидаги айрим тадбирларда иштирок этиш имконини беради. ЕОИИ бешта давлатни – Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияни – бирлаштириб, товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланиши учун ягона иқтисодий макон яратади.







