Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов қўшни давлат газ тармоғида содир бўлган технологик носозлик натижасида Ўзбекистонда 6 миллион куб метр газ тақчиллиги юзага келганини маълум қилди. Унинг айтишича, вазиятни барқарорлаштириш мақсадида тизим бўйича барча режимлар оптималлаштирилган ва мавсумий истеъмолчилар вақтинча ўчирилган.
Вазирнинг таъкидлашича, биринчи навбатда аҳоли, ижтимоий соҳа муассасалари, стратегик объектлар ҳамда иссиқлик электр станцияларини газ билан узлуксиз таъминлаш бўйича режа-график ишлаб чиқилган. Шунингдек, тиғиз соатларда айрим ҳудудларда АГТКШларга чекловлар жорий этилган. Қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликда аварияни бартараф этиш ва газ етказиб беришни тиклаш ишлари давом этмоқда.
Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, газ таъминотидаги энг катта узилишлар водий вилоятларидаги газ шохобчаларига таъсир кўрсатмоқда. Муаммони юмшатиш учун Ховос–Фарғона газ тармоғи орқали қўшимча таъминот йўлга қўйилган. Шунингдек, 150 та кўчма контейнер орқали метан заправкалар ёпиқ вақтда уларга 5 мингдан 10 минг куб метргача газ етказиб бериш тизими ташкил этилган.


