Ўзбекистонда метан нархи 30 фоиздан ортиққа ошди
Марказий банк истеъмол бозоридаги нарх ўзгаришларини эълон қилди.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил октабр ойида Ўзбекистонда метан нархи йиллик ҳисобда 30,5 фоизга ошган. Шунингдек, бензин (11,7 фоиз), никоҳ узуги (33,4 фоиз), газета ва журналлар (15,3 фоиз), сигарет (9,6 фоиз) ҳамда табиий гуллар (9,8 фоиз) нархларида ҳам ўсиш кузатилган.
Бунга қарамай, бир қатор товарлар нархи пасайган. Хусусан, пропан 18 фоизга, кондиционерлар 1,3 фоизга, телевизорлар 0,3 фоизга, қоғоз эса 3,9 фоизга арзонлашган.
Истеъмол нархлари индексига кирувчи 250 турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотларининг 97 фоизида йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан ошмаган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ичида суяксиз мол гўшти (25,3 фоиз), карам (24,7 фоиз) ва кунгабоқар мойи (22,6 фоиз) сезиларли қимматлашган. Аксинча, шафтоли (−28,7 фоиз), тарвуз (−21,8 фоиз), гуруч (−18 фоиз), бодринг (−17,6 фоиз) ва банан (−15,1 фоиз) нархи пасайган.
Хизматлар соҳасида эса нархлар турлича ўзгарган:
- ички авиарейслар — +52,3 фоиз;
- тармоқ гази — +39,2 фоиз;
- совуқ сув — +35,1 фоиз;
- музей хизматлари — +32,3 фоиз;
- чиқинди ташлаш — +28,6 фоиз;
- шаҳар автобуслари йўл ҳақи — +22,3 фоиз
Шу билан бирга, пул ўтказмалари (−4,8 фоиз) ва микромолиявий хизматлар (−0,2 фоиз) бироз арзонлашган.
Марказий банк қайд этишича, Ўзбекистонда йиллик инфляция 7,8 фоизни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 2,4 фоиз пунктга пасайган.







