Ўзбекистонда “Онлайн шифокор” хизмати йўлга қўйилади
Янги тизим фавқулодда ҳолатларда масофадан тиббий маслаҳат олиш имконини беради.

Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб шошилинч тиббий ёрдам хизматида “Онлайн шифокор” функцияси йўлга қўйилади. Мазкур тизим аҳолига фавқулодда ҳолатларда масофадан туриб тезкор тиббий маслаҳат олиш имконини яратади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, янги хизмат шошилинч тиббий ёрдам бўлимларининг шифохона ва поликлиникалар билан интеграциясини кучайтириб, қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштиради ҳамда ёрдам кўрсатиш сифатини оширади. Лойиҳа соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш доирасида амалга оширилмоқда.
Вазирлик маълумотига кўра, сўнгги даврда тизимда бир қатор самарадорлик кўрсаткичлари яхшиланган. Хусусан, 2400 нафар диспетчер махсус тайёргарликдан ўтган бўлиб, натижада манзилга етиб боришдаги кечикишлар 1,1 фоиздан 0,3 фоизга қисқарди. Тез ёрдам бригадаларининг қўнғироқларга ўртача етиб бориш вақти эса 25–30 дақиқадан 10–15 дақиқагача камайган.
Сўнгги саккиз йил давомида шошилинч тиббий ёрдам хизматлари сони 818 тадан 1600 тага, бригадалар сони эса 1600 тадан 2800 тага ошди. Бир чақириқ учун дори воситалари харажати 750 сўмдан 11 800 сўмга етган.







