Миграция агентлиги Россияда ишлаётган ўзбекистонлик халқаро юк ташувчи ҳайдовчилар Россия ички ишлар органларининг “кириши ман этилган шахслар” рўйхатига тушиб қолаётганидан огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, 2025 йил ҳолатига кўра, Россиядаги халқаро автоюк ташишларнинг 25 фоизга яқини ўзбекистонлик ҳайдовчилар томонидан амалга оширилмоқда. Бироқ миграция қоидаларига амал қилмаслик оқибатида кўплаб фуқаролар Россия ички ишлар органларининг “кириши ман этилган шахслар” рўйхатига тушиб қолмоқда.
Миграция агентлиги ҳар бир юк автомобили ҳайдовчиси бир нечта қоидаларга қатъий риоя қилиши шартлигини билдирди.
Унга кўра, чегарадан ўтиш вақтида миграцион картани аниқ ва тўғри тўлдириш (мақсад графасида — “туризм” эмас, “служебная” ёки “транзит”ни кўрсатиш) керак. Россияга киргандан сўнг 15 иш куни мобайнида миграция рўйхатига қўйилиши лозим.
90/365 муддатини доимий равишда назорат қилиш, транспорт воситаси бузилиши ёки бошқа форс-мажор ҳолат юз берса — албатта расмий акт ёки далолатнома олиш шарт.
“Ҳар бир ҳаракат — фақат расмий ҳужжат билан асосланган бўлиши керак. Такрорий ҳуқуқбузарликлар 3–10 йил муддатга Россияга кириш тақиқини келтириб чиқаради”, дейилади агентлик хабарида.


