Тошкент шаҳридаги “Yunusabad Galleria” савдо мажмуаси раҳбари Алимжанов Анвар Ахматович Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ «Дўстлик» ордени билан мукофотланди. Мукофот тадбиркорлик соҳасидаги самарали фаолияти, савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун берилди.
Юнусобод туманида жойлашган ушбу мажмуада 100 дан ортиқ савдо нуқталари фаолият юритиб, қарийб 500 та янги иш ўрни яратилган. Умумий қиймати 43 миллион доллар бўлган лойиҳа замонавий архитектура ва дизайн ечимлари билан ажралиб туради. Жорий йилда мажмуа МДҲ давлатлари ўртасида ўтказилган халқаро меъморчилик танловида биринчи ўринни эгаллаган.
Президент фармонида тадбиркорнинг ташаббускорлиги, ишбилармонлик фазилатлари, хорижий илғор тажрибани жорий этиш орқали аҳолининг бандлигини ошириш ва фаровонлигини юксалтиришга қўшган ҳиссаси алоҳида қайд этилган. Ушбу мукофот мамлакатда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва фаол ишбилармонларни рағбатлантириш сиёсатининг амалий ифодаси бўлди.


