1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жаҳон

Қирғизистонда муддатидан олдин президентлик сайловлари петициясини имзолаган 5 киши ҳибсга олинди

Уларга нисбатан “оммавий тартибсизликлар” моддаси билан жиноий иш қўзғатилган.

Қирғизистонда муддатидан олдин президентлик сайловлари петициясини имзолаган 5 киши ҳибсга олинди

 

Қирғизистонда муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказишга чақирувчи петицияга имзо чеккан фуқаролар юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

 

Маълумотларга кўра, петицияни имзолаган 75 нафар фуқаро тергов доирасида сўроқ қилиш учун олиб келинган. Улардан уч нафари вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Кейинчалик яна икки фуқаро ҳам ҳибсга олингани билдирилган.

 

ОАВ хабарларига кўра, жумладан АКИпресс маълумотида ҳибсга олинганлар орасида "Халқ парламенти" координатори ва Бош вазир аппаратининг собиқ раҳбари Бекболот Талгарбеков, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Эмилбек Узоқбаев ва Президентнинг Жогорку Кенешдаги (парламент) собиқ ваколатли вакили Курманбек Дйиканбаев борлиги айтилган.

 

Шунингдек, кейинги тезкор тадбирлар давомида Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов ҳамда Ўш вилоятининг собиқ губернатори Аали Карашев ҳам қўлга олингани қайд этилган.

 

Расмий маълумотларга кўра, гумонланувчилар Қирғизистон Жиноят кодексининг 278-моддаси — оммавий тартибсизликлар билан боғлиқ жиноят аломатлари асосида тергов қилинмоқда.

 

Мазкур петиция мамлакат раҳбарияти, жумладан Президент Садир Жапаров ҳамда Жогорку Кенеш раиси Нурланбек Тургунбек уулу номига йўллангани айтилган.

 

Петиция муаллифлари 2021 йилда қабул қилинган янги Конституция амалдаги президент ваколат муддати бўйича ҳуқуқий ноаниқликлар келтириб чиқарганини таъкидлаб, муддатидан олдин сайловлар ўтказиш сиёсий келишмовчиликларнинг олдини олиши мумкинлигини билдирган.

 

Шу билан бирга, мурожаатда ҳукуматнинг айрим ютуқлари билан бир қаторда давлат қарзининг ошиши, инфляция ва миграция даражасининг ортиши каби муаммолар ҳам қайд этилган.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика