Италияда ўтаётган Милано Кортина–2026 Қишки Олимпиадаси доирасида Қозоғистон вакили, 21 ёшли Михаил Шайдоров эркаклар ўртасида яккалик фигурали учиш баҳсларида олтин медални қўлга киритди. Бу Қозоғистон тарихида ушбу спорт тури бўйича биринчи Олимпиа чемпионлиги ҳисобланади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Шайдоров эркин дастурда 198,64 балл, умумий ҳисобда эса 291,58 балл тўплаб шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган. У чиқишини 1997 йилда суратга олинган The Fifth Element фильмидаги “Diva Dance” композицияси остида намойиш этган. Дастур мураккаб элементларни, жумладан уч карра Аксел ва тўрт карра Салхов комбинациясини ўз ичига олган.
Шайдоровнинг ғалабаси Қозоғистон спорти учун рамзий аҳамиятга эга. Аввалроқ мамлакатга фигурали учиш бўйича ягона Олимпия медалини 2014 йилда бронза билан Денис Тен олиб келган эди. Шайдоров Денис Теннинг меросини эъзозлаб, унинг қозоғистонлик спортчилар учун йўл очганини таъкидлади.
Мусобақа давомида асосий рақиблар, жумладан америкалик Иля Малинин ҳамда италиялик Даниел Грассл ва бошқа иштирокчилар хатоларга йўл қўйган бўлса, Шайдоров хатосиз ва мураккаб дастури билан ҳакамлар эътирофига сазовор бўлди.
Мазкур ғалаба Қозоғистон учун 1994 йилдан буён илк қишки Олимпия олтини бўлиб, мамлакат қишки спорти тарихида муҳим саҳифа очди.


