Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатда вақтинчалик бўлиб турган мигрантларни рўйхатга олиш тартибига доир янги қоидаларни тасдиқлади. Мазкур тартиб 2026 йил 1 июлдан кучга киради ва бўлиш муддати 90 кунгача этиб белгиланган давлатлардан келган хорижий фуқароларга, жумладан Ўзбекистон фуқароларига ҳам татбиқ этилади.
Янги регламентнинг асосий янгилиги — рўйхатга олиш жараёнининг тўлиқ электрон шаклга ўтказилиши.
Амалдаги талабларга мувофиқ, мигрантлар Қозоғистон давлат чегарасини кесиб ўтган кундан бошлаб 30 кун ичида ички ишлар органларида рўйхатдан ўтишлари шарт. Эндиликда бу жараён миграция хизматининг электрон ахборот тизими орқали амалга оширилади. Тизимга мигрантнинг шахсий маълумотлари, паспорт маълумотлари, туғилган сана, яшаш манзили ҳамда уларни қабул қилувчи шахснинг маълумотлари киритилади.
Турар жойни тақдим этувчи фуқаро мобил илова орқали рўйхатга олиш тўғрисидаги хабарнома олади ва ўз розилигини тасдиқлайди. Розилик билдирилганидан сўнг мигрантнинг шахсий кабинетида рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаси шакллантирилади.
Рўйхатдан ўтиш рад этилиши мумкин бўлган ҳолатлар:
- тақдим этилган маълумотларнинг нотўғри бўлиши;
- мигрантнинг Қозоғистонда белгиланган бўлиш муддатини бузиши;
- яшаш жойи эгаси томонидан рўйхатдан ўтказишни рад этиш.
Мигрантлар манзилини ўзгартирган тақдирда, янги манзил бўйича беш иш куни ичида қайта рўйхатдан ўтиши шарт. Аввалги манзил тизимдан автоматик тарзда ўчириб ташланади.
Рўйхатдан ўтиш турар жой бинолари, квартиралар, ётоқхоналар, меҳмонхоналар, санаториялар ва яшаш учун мўлжалланган бошқа объектларда амалга оширилиши мумкинлиги қайд этилган.


