Қозоғистонда ўзбекистонликлар кетаётган автобусда ёнғин чиқди
Автобус салонида жами 34 нафар йўловчи бўлган.

Қозоғистоннинг Қарағанди вилоятида ўзбекистонлик йўловчилар бўлган автобусда ёнғин чиқди. Бу ҳақда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Ёнғин Абай туманидан ўтувчи “Остона – Қарағанди – Олмаота” автомобиль йўлининг 960-километрида, “Остона – Чимкент” йўналишида ҳаракатланаётган автобуснинг мотор қисмида содир бўлган.
Ёнғин фавқулодда хизматлар етиб келишидан олдин автобус ҳайдовчилари томонидан бартараф этилган. Шундан сўнг, ФВВ ходимлари барча йўловчиларни хавфсиз эвакуация қилган ва йўл четидаги оромгоҳга олиб бориб, зарур ёрдам кўрсатган.
Автобус салонида жами 34 нафар йўловчи бўлган, улардан 9 нафари болалар. Йўловчилар орасида 5 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бўлган.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ҳам Самара–Чимкент автомобиль йўлида совуқда қолиб кетган Ўзбекистон, Россия ва Тожикистон фуқаролари эвакуация қилинганди.







