Россия-Украина ҳарбий асирлар алмашинувини режалаштирмоқда
Ҳарбий асирлар алмашуви 7–9 июнь кунлари бошланиши мумкин.

Россия 7–9 июнь кунлари Украина билан йирик миқёсда ҳарбий асирларни алмашишга тайёр. Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Владимир Мединский TASS’га берган баёнотида маълум қилди.
“Биз ҳар икки томондан тахминан 1200 кишини ўз ичига олган алмашувни режалаштиряпмиз. Бу, эҳтимол, ҳарбий асирлар бўйича энг йирик алмашув бўлади. Россия 7, 8 ва 9 июнь кунлари бунинг учун тўлиқ тайёр”, — деди Мединский президент Путин раислигидаги ҳукумат йиғилишида.
Унга кўра, устуворлик ярадорлар, оғир касаллар ҳамда 25 ёшгача бўлган ҳарбий асирларга берилади. Ҳозирда паритет бўйича якуний рақамлар муҳокама қилинмоқда.
Аввалроқ, 25 май куни Истанбулда “1000 га 1000” формуласи асосида маҳбуслар алмашинувининг якуний босқичи ўтказилган эди. Россия Мудофаа вазирлиги вакилига кўра, бу босқич тўлиқ амалга оширилган.







