Россияда бир гуруҳ ўзбекистонликлар ноқонуний миграция ташкил этишда айбланмоқда
Гумонланувчилар 2023-2024 йилларда қалбаки иммиграция ҳужжатлари тайёрлаган.

Россиянинг Воронеж шаҳрида ноқонуний миграцияни ташкил қилишда айбланаётган еттита Ўзбекистон фуқаросининг суд жараёнлари бошланди. Вилоят прокуратураси маълумотларига кўра, гумонланувчилар икки йил давомида қалбаки иммиграция ҳужжатлари тайёрлаб, чет эл фуқароларига Россияда ноқонуний яшаш имкониятини яратган.
Тергов материалларида кўрсатилишича, жиноий гуруҳ 2023 йил январидан 2024 йил декабригача қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш ва уларни пул эвазига тақдим этиш билан шуғулланган. Ушбу ҳужжатлар чет эл фуқароларига Россия Федерацияси ҳудудида ноқонуний яшашга рухсат берган.
Жиноий иш ҳозирда Воронежнинг Коминтерновский туман судида кўриб чиқилмогда. Прокуратура маълумотларига кўра, гуруҳ фаолияти давомида кўплаб чет эл фуқаролари учун қалбаки рўйхатдан ўтиш ҳужжатлари тайёрланган.







