1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жаҳон

Россияда ишчи кучи танқислиги туфайли 2026 йилда 40 минг нафар ҳиндистонлик ишчи жалб қилинади

2030 йилга бориб Россияда кадрлар танқислиги 3 млн нафардан ошиши мумкин.

Россияда ишчи кучи танқислиги туфайли 2026 йилда 40 минг нафар ҳиндистонлик ишчи жалб қилинади

 

Россияда меҳнат бозорида кузатилаётган кескин ишчи кучи танқислиги фонида Ҳиндистондан меҳнат муҳожирларини жалб этиш кўлами кенгаймоқда. 2026 йил давомида Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларига камида 40 минг нафар Ҳиндистон фуқароси ишлаш учун келиши кутилмоқда деб хабар берди mk.ru нашри.

 

Деҳлидаги бандлик билан шуғулланувчи ташкилотлар маълумотларига кўра, ҳиндистонлик ишчилар асосан пойтахт ва йирик саноат марказларига йўналтирилади. Ушбу ҳудудларда қурилиш, логистика, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишчи кучига талаб юқори даражада сақланиб қолмоқда.

 

Қайд этилишича, Россияга келаётган меҳнат муҳожирларининг аксарияти 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган эркаклардан иборат. Улар омбор хўжаликлари, қурилиш, клининг, тўқимачилик ҳамда ишлаб чиқариш тармоқларида фаолият юритади. Айрим ҳолларда юқори малакали мутахассислар ҳам жалб этилмоқда, бироқ асосий эътибор жисмоний меҳнат талаб этиладиган соҳаларга қаратилган.

 

Иш берувчилар тил тўсиғи мавжудлигини таъкидлашмоқда. Кўплаб ҳиндистонлик ишчилар рус тилини етарли даражада билмайди, бу эса ишлаб чиқариш жараёнида муайян қийинчиликларни юзага келтиради. Шунга қарамай, уларнинг меҳнат интизоми, жисмоний чидамлилиги ва инглиз тилини билиши муҳим устунлик сифатида баҳоланмоқда.

 

Расмий статистик маълумотларга кўра, 2022 йилда ҳиндистонлик фуқароларга берилган иш рухсатномалари сони 8 минг атрофида бўлган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 70 мингдан ошган. Визали давлатлардан келаётган ишчиларнинг йиллик шартнома асосида ва аниқ иш берувчига боғланган ҳолда фаолият юритиши Россия меҳнат бозори учун қулай механизм сифатида қаралмоқда.

 

Мазкур жараён Россияда ишсизлик даражаси 2,1 фоизгача пасайган ва иқтисодиётда 2,6 миллиондан ортиқ ходимга эҳтиёж мавжуд бўлган шароитда амалга ошмоқда. Мутахассислар 2030 йилга бориб ишчи кучига бўлган эҳтиёж 3 миллион нафардан ошишини прогноз қилмоқда.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика