Самарқандда олтин ковлашга чиққан 2 киши вафот этди
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов олиб борилмоқда.

Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида таркибида олтин моддаси бўлган тошларни ноқонуний кавлаб олаётган 5 киши заҳарланди. Бу ҳақида Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар қилди.
9 январь куни соат 20:00 ларда Пахтачи тумани «Гулистон» маҳалласида яшовчи беш киши «Қорақўтон» тоғ конига қарашли шахтага тушиб, генератор ва бошқа ускуналар ёрдамида таркибида олтин моддаси бўлган тошларни кавлаб олаётганида генератордан чиққан ис газидан заҳарланган.
Оқибатда уларнинг икки нафари шахта ичи пастки қисмига йиқилиб, шахта девори тошларига урилиб воқеа жойида вафот этган. Қолган фуқаролар ис газидан заҳарланиш билан 10 январь куни соат 03:30 ларда туман марказий шифохонасига келтирилган.
Ҳозирда икки кишининг ўлими юзасидан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган бўлиб, ҳолат юзасидан Пахтачи туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.







