Самарқандда ЙПХ ходимлари ва фуқаролар ўртасида жанжал чиқди
Ҳолат юзасидан ИИБ маълумот берди.

Ижтимоий тармоқда Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида ЙПХ ходимлари ва фуқаролар ўртасидаги тортишувли вазият акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ маълумот берди.
Ҳолат 18 февраль куни соат 15:40 ларда Нуробод тумани ҳудудидан ўтувчи А-378 автомобиль йўлининг 23-километрида юз берган. ЙПХ ходимлари Spark ҳайдовчисини тўхтатиб, ундан меъёрий ҳужжатларини тақдим этиши сўраганда ҳайдовчи ҳужжатлари йўқлигини маълум қилган. Қоидабузарлик ҳолати бўйича маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида атрофда бўлган уч нафар фуқаролар ходимларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилишига ҳам қаршилик кўрсатган.
Ҳайдовчига нисбатан Йўл ҳаракати қоидаларининг 7-бандини бузганлиги бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси тартибида баённома тузилиб, Spark русумли автомобиль ушбу Кодекснинг 291-моддаси тартибида вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
“ЙПХ ходимларининг қонуний хизмат фаолиятига халақит берган фуқаролар бўйича тегишли ҳужжатлар тўпланмоқда”, — дейилади хабарда.








