Сирдарёда шифокорни калтаклаган эркак 15 суткага қамалди
У рашк сабабли хотинини текширувдан ўтказаётган шифокор билан жанжаллашган.

Сирдарё вилоятида шифокор фаолиятига аралашув билан боғлиқ нохуш ҳолат юз берди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоматериалларда бемор аёлнинг турмуш ўртоғи рашк сабабли навбатчи шифокор билан жанжалга аралашгани акс этган. Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Жорий йилнинг 9 ноябрь куни соат 00:25 да Мирзаобод туман ИИБга «102» хизматига келган хабарга кўра, тумандаги Юқумли касалликлар шифохонасида бемор яқинлари ўртасида жанжал чиққани билдирилган.
Воқеа жойига етиб борган профилактика инспекторлари бемор Д.Х. турмуш ўртоғи С.Х. ва ўғли A.X. томонидан шифохонага олиб келинганини аниқлади. Кўрик жараёнида навбатчи шифокор Р.Б. беморни қўлидан ушлаб ўтиришга кўмаклашгани ва қорин соҳасидаги оғриқни аниқлаш мақсадида текширув ўтказаётгани пайтда беморнинг эри рашк сабабли шифокор билан жанжаллашиб қолган.
Текширув доирасида шифокор Р.Б. суд-тиббий экспертизасидан ўтказилди ва унда тан жароҳати ёки шикаст излари қайд этилмади.
Тўпланган материаллар Жиноят ишлари бўйича Мирзаобод туман судида кўриб чиқилди. Суд қарорига кўра, фуқаро С.X. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 197¹⁷-моддаси (тиббиёт ходимининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш) талабларини бузган деб топилиб, унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.







