Сурхондарё вилоятининг Денов туманида таҳдид ва жисмоний босим орқали товламачилик билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълумот берди.
Аниқланишича, жиноий гуруҳга илгари судланган 35 ёшли шахс раҳбарлик қилган. Гуруҳ таркибига спорт билан шуғулланадиган, ёши 23 дан 39 гача бўлган уч нафар шериги ҳам кирган. Улар фуқароларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш, қўрқитиш ва таҳдидлар орқали ноқонуний йўллар билан пул талаб қилган.
Тергов материалларига кўра, гуруҳнинг жиноий ҳаракатлари оқибатида 10 нафардан ортиқ фуқаро, жумладан вояга етмаганлар тан жароҳати олган. Хусусан, бир ҳолатда гумонланувчилар ер низосига ноқонуний аралашиб, жабрланувчидан 20 миллион сўм талаб қилган ҳамда унинг оила аъзоларига босим ўтказиш билан таҳдид қилишган.
Бошқа бир ҳолатда эса, улар учинчи шахслар ўртасидаги қарз муносабатларига аралашиб, жабрланувчини ахлоқсиз ҳаракатларга мажбурлаган, ушбу жараённи видеога олиб, кейинчалик ёзув орқали шантаж қилган. Натижада жабрланувчи талаб қилинган пулни тўлашга мажбур бўлган.
Шунингдек, тўда аъзолари ёшлар орасида ҳам товламачилик билан шуғулланган. Айрим ҳолатларда жабрланувчиларни мажбуран автомашина ичига ўтқазиб, ташландиқ ҳудудларга олиб бориб, тиғли қурол билан таҳдид қилишган. Тергов давомида жиноий гуруҳ томонидан жами қарийб 39 минг 800 АҚШ доллари миқдорида пул ундирилгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 137-моддаси (одам ўғирлаш), 138-моддаси (ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) ҳамда 141-3-моддаси (шахс шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан жиноий ишлар қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


