Тинчлик режасининг 90 фоизи келишилган — Зеленский
АҚШ ва Украина етакчилари Донбасс масаласи мураккаблигича қолаётганини, бироқ ечимга яқинлашилганини таъкидлади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Украина президенти Владимир Зеленский билан ўтказилган учрашувдан сўнг Украинадаги можарони ҳал этиш борасида томонлар келишувга яқинлашаётганини маълум қилди.
Oxu.Az нашрининг хабар беришича, бу ҳақда АҚШ раҳбари икки етакчи иштирокида бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида баёнот берган.
Доналд Трамп Зеленский билан бўлиб ўтган музокаралар якунида Украинадаги вазиятни барқарорлаштириш йўлида сезиларли ютуқларга эришилганини таъкидлади.
Унинг айтишича, томонлар Украина учун хавфсизлик кафолатлари масаласида деярли умумий келишувга келган.
АҚШ президенти Донбасс масаласи ҳануз мураккаблигича қолаётганини, бироқ бу йўналишда ҳам ечимга яқинлашилаётганини қайд этди.
Трампнинг сўзларига кўра, Украина келишувга ҳозироқ рози бўлиши керак, акс ҳолда ҳудудий йўқотишлар ортиши мумкин.
Шунингдек, у ҳудудий масалалар референдум ўтказиш ёки Украина парламенти томонидан тасдиқлаш орқали ҳал этилиши эҳтимолини истисно этмади. Трамп аҳолининг аксарияти ҳарбий ҳаракатларнинг тўхтатилишини қўллаб-қувватлашига ишонч билдирди ҳамда яқин ҳафталарда якуний келишувга эришиш учун томонлар яна бирлашишини таъкидлади.
Украина президенти Владимир Зеленский эса ўз навбатида 20 банддан иборат тинчлик режаси бўйича келишувнинг 90 фоизи таъминланганини, хавфсизлик кафолатлари эса тўлиқ, яъни 100 фоиз бажарилганини маълум қилди.
Зеленский Украинанинг позицияси Конституция ва мамлакат ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш тамойилларига асосланишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Россия билан боғлиқ масалаларда томонларнинг қарашлари фарқ қилади. Референдум масаласига тўхталар экан, Украина раҳбари бу асосий муҳокама мавзуларидан бири эканини, референдум ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги эҳтимоли мавжудлигини қайд этди.







