Жаҳон

Тоғли Қорабоғ “юраги” – Шуша шаҳри урушдан сўнг қай даражада ўзгарди?

Шуша – қайсидир маънода Қорабоғ урушининг рамзи ҳисобланади. Шаҳарни ким назорат қилса, ўша томон минтақа марказидаги стратегик баландлик билан бирга, Озарбайжон ва Арманистон учун улкан маданий аҳамиятли ҳудудга эгалик қилади.

Тоғли Қорабоғ “юраги” – Шуша шаҳри урушдан сўнг қай даражада ўзгарди?

 

 

Шушани қайтариб олган Боку унинг тарихий қиёфасини сақлаб қолишга ваъда бериб, қайтадан қурмоқда. Арманистон, ўз навбатида, бунга ишонмаяпти. “BBC “ журналисти шаҳардаги вазиятга баҳо бериш  мақсадида катта материал тайёрлади.

 

Шушага олиб борадига йўл ҳозирда аъло даражада. Йўл чеккасидаги баннерларда Илҳом Алиевнинг ҳарбий кийимдаги суратлари. Баъзи жойларда ёниб кетган ҳарбий техника қолдиқлари учраб туради. Бир йил аввал буларнинг ҳеч қайсиси йўқ, фақат ўрмон ва биринчи Қорабоғ урушида ташлаб кетилган уй вайроналари бор эди.

 

Қачонлардир Шушада озарбайжонликлар ва арманлар, кейин асосан озарбайжонликлар, ундан сўнг фақат арманлар яшаган. Бокудан Шушагача тўғридан-тўғри йўл 300 километрни ташкил этади. Аммо бунинг учун Грузия ва Арманистонни айланиб ўтиш керак эди (аммо бу ҳам озарбайжонликлар учун имконсиз бўлган). Энди барчаси аксинча: арманлар учун Шушага йўл ёпилди, Боку эса янги шоссе орқали меҳмонларни Қорабоғга олиб келмоқда. Шуша Озарбайжон ва Арманистон учун турлича аҳамиятга эга. Масалан, Боку уни миллий маданият бешиги, деб ҳисобласа, Ереван  учун бу муҳим диний марказлардан бири саналади.

 

Йўл бўйлаб Илҳом Алиев портретларидан ташқари “Эҳтиёт бўлинг, мина!” деган ёзувлар ҳам учраб туради. Баъзан йўл четидан атиги 20 метр узоқликда миналарнинг ўзини ҳам кўриш мумкин. 20 йил аввал кўмилган миналар аста-секин ер юзасига чиқмоқда, аммо сўнгги урушда кўмилганлари ҳали-ҳануз ер остида турибди. Оқибатда Озарбайжон назоратига ўтган ҳудудларда сўнгги бир йил давомида 50 киши портлаб кетди.

 

 

Шушага янги йўл Фузулий шаҳридан, мина майдони ўртасидан бошланади. Сапёрлар мина топилган жойларга қозиқ қоқиб қўйган. Айрим жойларда уларнинг ораси  1 метрни ташкил этади. Қачонлардир Фузулийда 17 минг киши яшаган, ҳозир эса бу ер вайронага айланган.

 

Асосий йўлдан юз метр нарида, вайроналар орасида футбол майдонини эслатадиган бино жойлашган. Бу – Фузулий халқаро аэропорти. У бор-йўғи 8 ойда қуриб битказилди. Ҳозирда бу аэропортга, асосан,  Бокудан журналистлар билан тўлган самолётлар келмоқда. Аммо Озарбайжон расмийлари тез орада Фузулий аэропорти Тоғли Қорабоғ йўлидаги асосий транспорт йўлагига айланишига умид билдирмоқда.

 

 

Шушага киришда икки давлат — Туркия ва Озарбайжон байроқларига илинган қўнғироқлар овози эшитилади. Постда ҳужжатлар текширилади – шаҳарга фақат махсус рухсатнома билан кириш мумкин. Симли девор ортида Россия тинчликпарвар кучлари пости жойлашган.

 

 

2020 йилда Озарбайжоннинг Шушани эгаллаши тафсилотлари ҳалигича очиқланмаган. Қоялар орасида жойлашган шаҳар “эгаллаб бўлмас” дея таърифланган. Аммо 2020 йил ноябрь бошида Озарбайжон аскарлари Шушага тоғлар орқали етиб келади ва шаҳарни оғир техникаларсиз эгаллашга муваффақ бўлади.

 

1905, 1920 ва 1922 йиллар давомида шаҳарда озарбайжон ва арманлар ўртасида бир неча бор қонли тўқнашувлар бўлиб ўтган. Шаҳар фуқароси Асиф “Собиқ Иттифоқ даврида шаҳарда  арманлар жуда кам бўлиб, улар билан яхши муносабатда эдик”, – деб эслайди.

 

Қуёш ботиши билан шаҳар кўчалари бўшаб қолади. Соат тунги тўққиздан тонгги олтигача комендантлик соати жорий этилган. Шушадаги уйлардан бирига озарча “Аёз”, “Барда”, "Ҳасан” ва “Габала” сўзлари ёзилган. Улар шаҳарга биринчи бўлиб кирган аскарлар ва улар туғилган шаҳар номлари. Арманча ёзувлар эса деярли қолмаган.

 

Маълумот ўрнида: 20 йиллик низодан кейин 2020 йил ноябрда Озарбайжон Тоғли Қорабоғни қайтариб олди. Бу урушда Туркия Бокуга катта ҳарбий ва сиёсий кўмак берди.

 

Эслатиб ўтамиз,  Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғ деган ҳудуд ҳуқуқий жиҳатдан мавжуд эмаслигини айтганди.

 

Жаҳонгир Қўзиев

Малайзия 1,5 мингга яқин мянмаликни қайтарди: БМТ уруш ва таъқиб хавфидан огоҳлантирди

Малайзия 1,5 мингга яқин мянмаликни қайтарди: БМТ уруш ва таъқиб хавфидан огоҳлантирди

UNHCR уларнинг уруш давом этаётган мамлакатга қайтарилиши ортидан таъқибга учраши ёки мажбурий ҳарбий хизматга жалб қилинишидан хавотир билдирмоқда.

Қозоғистонда ҳарбийлар ўлими: 13 та жиноят иши қўзғатилди

Қозоғистонда ҳарбийлар ўлими: 13 та жиноят иши қўзғатилди

14 нафар ҳарбий ҳалок бўлган Каспий денгизидаги машғулотларни режалаштиришда қоидабузарликларга йўл қўйилгани аниқланди.

Қора денгизда кемада ёнғин чиқди: икки киши ҳалок бўлди

Қора денгизда кемада ёнғин чиқди: икки киши ҳалок бўлди

Руминия оммавий ахборот воситалари дон ортилган Туркия кемасига дрон зарбаси берилганини билдирмоқда.

Россияда «ўлат хавфи» сабаб бир қатор шифохоналар карантинга олинди

Россияда «ўлат хавфи» сабаб бир қатор шифохоналар карантинга олинди

Бунга 28 ёшли тиббиёт ходимининг вафот этгани сабаб бўлган. Айни пайтда у билан алоқада бўлган қарийб 200 киши ҳам изоляция қилинган.

Саудия Арабистони ва Яман ўртасида кескинлик: томонлар бир-бирига зарбалар бермоқда

Саудия Арабистони ва Яман ўртасида кескинлик: томонлар бир-бирига зарбалар бермоқда

Саудия Арабистони ҳусийлар назорати остида бўлган Сано шаҳрига зарба берди. Бунга жавобан ҳусийлар Саудия Арабистонининг йирик нефть-газ конига ҳужум қилди.

Франция мактабларида тартибсизликлар: 24 та мактаб ёқиб юборилди

Франция мактабларида тартибсизликлар: 24 та мактаб ёқиб юборилди

Ўқувчилар намойишлари ортидан 500 тагача таълим муассасасида дарслар тўхтатилган.

Кутилмаган ташриф: Германия канцлери Киевга борди

Кутилмаган ташриф: Германия канцлери Киевга борди

Германия Украинага 1,35 млрд евро ёрдам ажратиши кутилмоқда.

Трамп яна америкаликларга пул ваъда қилди:  20 миллиондан ортиқ кексага 90 доллардан берилади

Трамп яна америкаликларга пул ваъда қилди: 20 миллиондан ортиқ кексага 90 доллардан берилади

Оқ уйга кўра, маблағ Medicare Improvement Fund ҳисобидан ажратилиб, аксарият фуқароларга октябрь ойининг бошида тўғридан-тўғри ўтказилади.

Тоғли Қорабоғ “юраги” – Шуша шаҳри урушдан сўнг қай даражада ўзгарди? | Zamon.uz