Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида Тожикистон ва Қирғизистондан гиёҳвандлик воситаларини олиб кириш билан шуғулланган трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ фаолиятини 28 ёшли аёл мувофиқлаштириб келган. У Фарғона вилоятининг Дўңғара туманида, 36 ва 51 ёшли шериклари билан бирга омборхонадан йирик миқдордаги афюн (опий)ни олиб кетмоқчи бўлган вақтида қўлга олинган.
Текширув жараёнида Қўқон–Тошкент автомобел йўли бўйидаги далага кўмилган тўртта полиэтилен пакетда жами 4 килограмм опий моддаси топилиб, далилий ашё сифатида мусодара қилинди.
Шунингдек, тергов давомида қўлга олинган аёл илгари ҳам наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликка тортилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) ҳамда 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадида қонунга хилоф тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Айни пайтда жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларини аниқлаш ва уларни жавобгарликка тортиш бўйича тезкор-қидирув чоралари давом эттирилмоқда.


