Жаҳон Банки “Толибон” ҳукмронлиги даврида Афғонистондаги бизнес ҳақида ҳисобот тайёрлади.
Унга кўра, толиблар бошқаруви даврида ҳар учинчи корхона фаолиятни тўхтатган. Масалан, кичик бизнесда бу кўрсаткич 38 фоизни, ўрта бизнесда 25 фоизни ва йирик бизнесда 35 фоизни ташкил этган.
Банк сўровномаларида иштирок этган тадбиркорларнинг 82 фоизи маҳсулотга бўлган талаб пасайганини маълум қилган. Бу эса даромадлар пасайиши ва аҳоли харид қувватининг камайиб кетиши билан боғлиқ.
Мамлакат иқтисодиётининг энг барқарор тармоғи сифатида қишлоқ хўжалиги тан олинган. шунингдек, улгуржи ва чакана савдо ҳам унча катта зарар кўрмаган: бу турдаги корхоналарнинг 20 фоизи ёпилган.
Тадбиркорлар ўз ходимларининг ярмини ишдан бўшатган. Шунингдек, 75 фоиз аёллар ишидан айрилган. Ички ва ташқи ресурсларни қўлга киритиш қийинлашган.
Шу билан бирга сўровномада иштирок этган 60 фоиз эркак ва 33 фоиз аёллар бизнес учун нисбатан хавфсиз муҳит шаклланганини таъкидлаган. Деярли барча респондентлар коррупция камайганини қайд этган.
Аввалроқ Эроннинг Афғонистондаги консулхонасига ҳужум уюштирилгани тўғрисида хабар берилганди.


