Тошкент вилоятида махсус боғчада болалар калтакланди
Ногиронлиги бўлган болалар боғчасидаги зўравонлик ҳолатлари юзасидан текширув бошланди.

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган болалар учун мўлжалланган мактабгача таълим муассасасида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги маълумотига кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган ва тарбиячи томонидан болаларга нисбатан қўпол муомала ҳамда жисмоний зўравонлик ҳолатлари акс этган видеоёзув юзасидан зудлик билан текширув бошланган. Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур ҳолат Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 30-сонли мактабгача таълим муассасасида содир бўлган.
Тарқалган видеода тарбиячи болаларни итариб юбораётгани, ураётгани ва уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлаётгани акс этган.
Ҳодиса юзасидан Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси ҳузурида тезкор ишчи гуруҳ ташкил этилди. Мазкур гуруҳ томонидан воқеанинг барча тафсилотларини аниқлаш, болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилишига сабаб бўлган омилларни ўрганиш, шунингдек, масъул шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.







