1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Тошкентда фуқаро уйидан қурол, ўқ-дори ва портловчи моддалар топиб олди

Уй таъмири вақтида топилган буюмлар фуқаронинг марҳум отасига тегишли бўлгани маълум бўлди.

Тошкентда фуқаро уйидан қурол, ўқ-дори ва портловчи моддалар топиб олди

 

Тошкент шаҳрида фуқаро томонидан уйини таъмирлаш жараёнида қурол-аслаҳа, ўқ-дорилар ҳамда портловчи моддалар топилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

 

Қайд этилишича, жорий йилнинг 2 декабрь куни 1987 йилда туғилган фуқаро Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг 102 қисқа рақамига мурожаат қилиб, яшаш хонадонида таъмирлаш ишлари олиб борилаётган пайтда ертўладан қурол ва ўқ-дорилар аниқланганини ҳамда уларни ихтиёрий равишда топшириш ниятида эканини билдирган.

 

Ҳодиса жойига етиб борган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан фуқаронинг яшаш хонадони ертўласида бир дона RGD-5 қўл гранатаси, TOZ-8 русумли битта ўқотар қурол, IJ-27E русумли битта ўқотар қурол, портлатиш қурилмаси, беш дона қўл гранатаси запали, бир дона электродетонатор ва унга тегишли портловчи шнур, шунингдек, 546 дона турли хил жанговар ўқ-дорилар ҳамда 1100 дона пневматик қурол ўқлари ва ўткир тиғли буюмлар мавжудлиги аниқланди.

 

Тезкор суриштирувлар давомида ушбу қурол-аслаҳа, ўқ-дорилар ва портловчи моддалар фуқаронинг марҳум отасига тегишли бўлгани маълум бўлди. У илгари Мудофаа вазирлигининг турли бўлинмаларида хизмат қилган ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Қуролли кучлар академиясидан нафақага чиққан.

 

Ички ишлар вазирлиги ноқонуний равишда қурол, ўқ-дори ва портловчи моддаларни сақлаш, олиб юриш ёки уларни ихтиёрий топширмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, тегишли шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ, икки йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлигини эслатиб ўтди.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика