Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида кекса онасини ўлдирганликда айбланган эркак устидан суд жараёни якунига етди. Суд ҳукмига кўра, судланувчи умумий тартибли колонияда 15 йилга озодликдан маҳрум этилди, шунингдек, алкоголизмга қарамликдан мажбурий даволаниш белгиланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди хабар берди.
Тергов материалларига кўра, жиноят оилавий можаро заминида содир бўлган. Аёл ўғлининг ўз квартирасини сотиш ва ўғлининг собиқ турмуш ўртоғи ҳамда қизи яшаб турган бошқа давлатга кўчиб кетишига қарши чиққан. Можаро вақтида судланувчи маст ҳолатда онасини бир неча бор уриб-тепган, унинг бўйнига оғир жароҳатлар етказган. Натижада аёл воқеа жойида ҳалок бўлган.
Тергов давомида суд-тиббий экспертиза хулосалари, психиатрия экспертизаси, гувоҳларнинг кўрсатмалари, жиноят содир бўлган жойни кўздан кечириш натижалари ҳамда ашёвий далиллар тўлиқ ўрганилган.
Суд мажлисида судланувчининг қизи улар орасида аввал жиддий зиддиятлар бўлмаганини билдирди ва енгилроқ жазо сўради. Айбланувчининг собиқ турмуш ўртоғи эса унинг узоқ йиллардан буён алкоголга қарамлик билан курашиб келганини таъкидлади.
Суд қарорига кўра, эркак 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, жазони умумий тартибли колонияда ўтайди. Шунингдек, унга алкоголга қарамликдан мажбурий даволаниш чораси белгиланди.


