Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2025 йил 3 декабрдаги ижро варақасига асосан, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида етказилган моддий зарарни ундириш бўйича ижро иши қўзғатилган.
Судда кўриб чиқилган иш материалларига кўра, ҳодиса икки нафар аёл ҳайдовчи ўртасида йўлда ҳаракатланиш жараёнида юзага келган. Томонлардан бири иккинчисига йўл бермагани сабабли транспорт воситалари иштирокида тўқнашув содир бўлган. Ҳодисадан сўнг, ҳайдовчилар автомашиналардан тушиб, “сен менга йўл беришинг керак эди” мазмунида ўзаро тортишиб, жанжал келиб чиққан.
Суд қарорига мувофиқ, қарздор Г.дан жабрланувчи Х. фойдасига 4 700 000 сўм миқдорида етказилган моддий зарарни ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати 2026 йил 7 январь куни Бюронинг Олмазор туман бўлими иш юритувига қабул қилинган.
Аниқланишича, қарздор автотранспорт воситасини белгиланган тартибда мажбурий суғуртадан ўтказмагани сабабли, етказилган зарар суғурта ҳисобидан эмас, балки унинг шахсий маблағлари ҳисобидан қопланган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорга қонун талаблари тўлиқ тушунтирилиб, ихтиёрий ижро муддати ичида 4 700 000 сўм маблағ тўлиқ тўлаб берилган.
Шунингдек, суд томонидан йўл-транспорт ҳодисасидан кейин жамоат тартибини бузиб, ўзаро жанжал чиқаргани учун ҳар икки нафар аёл ҳайдовчига нисбатан маъмурий жавобгарлик қўлланилиб, ҳар бирига 2 060 000 сўм миқдорида, яъни энг кам ойлик иш ҳаққининг 5 баробарига тенг жарима тайинланган.
Натижада, моддий зарар ҳам, маъмурий жарималар ҳам тўлиқ ундирилиб, ижро ҳужжатлари амалда тамомланган.


