Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов Жаҳон банки мутахассислари томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига таянган ҳолда, Тошкент шаҳрида олиб борилаётган қурилиш ишлари заррачалар билан ҳаво ифлосланишининг 6 фоизига сабаб бўлганини маълум қилди.
Мазкур маълумот пойтахтда экологик вазиятни яхшилаш бўйича ташкил этилган махсус комиссия томонидан ҳам тасдиқланган.
Вазирнинг таъкидлашича, мутахассислар қурилиш лойиҳаларининг атроф-муҳитга салбий таъсири 6 фоизни ташкил этишини аниқлаган. Ушбу кўрсаткични ноль даражага тушириш мақсадида аниқ ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, бу йўналишдаги ишлар аллақачон бошланган.
Шерзод Ҳидоятов сўнгги ойларда Тошкент шаҳридаги қурилиш жараёнларига қўйиладиган экологик хавфсизлик талаблари сезиларли даражада кучайтирилганини қайд этди. Хусусан, йирик қурилиш майдонларида махсус сув пуркагичлар ва чанг йиғиш мосламаларидан фойдаланиш мажбурий этиб белгиланган. Ушбу ускуналарнинг ўрнатилиши ва самарали ишлаши тегишли идоралар томонидан қатъий назорат қилинмоқда.
Шаҳар бўйлаб чанг тарқалишини камайтириш мақсадида қурилиш лойиҳаларини шамол йўналишини инобатга олган ҳолда режалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қурилиш компаниялари белгиланган стандартларга қатъий риоя этиши шартлиги, масъул идоралар эса вазиятни доимий мониторинг қилиб бориши ва қоидабузарликларга тезкор чоралар кўриши таъкидланди.


