Доналд Трамп мамлакат аҳолиси учун янги молиявий ташаббусни эълон қилди. Унга кўра, божхона тарифларидан йиғиладиган тушумлар ҳисобидан ҳар бир америкалик фуқарога камида 2000 доллардан тўлов амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Трампнинг айтишича, тўловлар фақат юқори даромадли шахсларни истисно қилган ҳолда барча америкаликларга берилади. Президент тарифлар сиёсатини танқид қилувчиларни кескин танқид қилиб, уларни “аҳмоқлар” деб атади.
“Қўшма Штатлар тарифлар орқали триллионлаб доллар даромад олади ва бу мамлакатнинг давлат қарзини қисқа муддатда ёпишга имкон беради”, — дея таъкидлади Трамп.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил апрель ойида Доналд Трамп қатор давлатларга нисбатан божхона тарифларини жорий этишини маълум қилган эди. Унинг фикрича, бу чора АҚШнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур, чунки Қўшма Штатлар “кўп йиллар давомида яқин ҳамкорлар ҳам, рақиб давлатлар ҳам томонидан иқтисодий босим ва эксплуатацияга учраган”.


