1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. энг долзарб

Хавотирларга сабаб бўлган “йўл харитаси”

Ўзбекистон ва “Газпром”нинг янги келишуви кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Хавотирларга сабаб бўлган “йўл харитаси”

 

Кеча Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов ва Россиянинг “Газпром” компанияси раҳбари Алексей Миллер газ соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитасини имзолади. Унда нима ёзилгани ҳозирча номаълум. Бу ўзбекистонликлар орасида жиддий хавотир ва норозиликларга сабаб бўлмоқда.

 

Zamon.uz бу борада бир қатор жамоатчилик фаолларининг фикрларини тўплади.

 

Илёс Сафаров, Kun.uz журналисти:

 

— Руслар "уч томонлама" газ иттифоқи тузилгани ҳақида ёзмоқда. Жин урсин, ухладик,  шекилли.

Биламан, Энергетика вазирлиги тез орада бу каби маълумотларни инкор қилиб чиқади. Бу иттифоқ эмас, шунчаки "йўл харитаси", дейди. Лекин кўриниб турган ҳақиқат шуки, руслар ва қозоқлар буни иттифоқ дея атамоқда.

Энергетика вазирлиги эндиликда халқ ишончини қайтариш учун ҳар қандай маълумотига имзоланган шартнома шартларини очиқ илова сифатида қўшиши шарт. Бусиз ҳукумат халқ розилигисиз Россия билан иттифоққа кирди дея тушунаверамиз.

...Ҳукумат Россия билан имзоланган келишув ҳужжати бандларини халққа очиқлаши шарт.

 

Расул Кушербаев, собиқ депутат:

— “Газпром” билан ўзаро муносабатларнинг барчаси очиқланиши шарт! Халқ шунга қараб баҳо беради: мамлакатни, суверенитетни сотишдими йўқми?

Очиқланмаган тақдирда бу тўғридан-тўғри халққа қилинган яширин хоинлик, деб хулоса қилинишига олиб келади.

 

Шуҳрат Латипов, Gazeta.uz журналисти:

— ...Умид қиламанки, бу Ўзбекистон имзолаган кўплаб меморандумлар сингари қоғоздаги “йўл харитаси” бўлиб қолади. Агар бунга қадар номақбул сиёсий қарорлар туфайли миллиардлаб зарарлар кўрилган бўлса, эндиликда “Газпром” Ўзбекистоннинг газ транспорти тизимини бошқарувга олса, унда мамлакатнинг энергетик мустақиллигини, умуман, давлат суверенитети хавф остида бўлиши мумкин.

Ҳокимият “тижорат сири” ва бошқа баҳоналарга ҳавола қилмасдан, ҳужжат тафсилотлари ҳақида очиқ эълон қилиши керак.

 

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

— Россиядаги баъзи телеграм каналлар, ОАВлари “Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокидаги уч томонлама энергетик иттифоқ тузилди” деб хабар беришмоқда. “Газпром” бошлиғи Миллер ва Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов билан “йўл харитаси” имзолангани, юқоридаги иттифоқнинг юзага келишига асос бўлди дейилмоқда.

Қизиқ вазият... Нега Ўзбекистон давлат институтлари жамоатчиликка бу борада кенг ва тушунарли хабар бермади? Бу “йўл харитаси”дан мақсад нима, нималар бу келишувда назарда тутилган? Ва бу Ўзбекистоннинг манфаатларига қанчалик мос келади? Худди ими-жимида келишилган келишувга ўхшаяпти. Вазиятни кузатиб, ўрганиб борамиз.

Лекин энергетик мустақиллигимизга реал таҳдид борми, деган ўринли савол пайдо бўлмоқда. Россия, Украинанинг, ғарбий Европадаги кўплаб давлатларнинг геосиёсий мустақиллигини айнан энергетик сектор орқали қарам қилишдан бошлаган эди.

 

Муҳрим Аъзамхўжаев, блогер:

 Ўзбекистон Энергетика вазирлиги “Газпром” билан нимадир имзолагани маълум бўлганига бир сутка бўляпти, Худо хоҳласа, лекин вазирлик томонидан ҳам, ҳокимият ё ҳукумат номидан гапириш ваколатига эга бўлган бошқа бирор расмий идора/шахс томонидан ҳам имзоланган нарсанинг бирор тафсилоти ошкор қилингани йўқ.

Кечадан бери ихтиёримизда қандай маълумот бор? Биринчиси, “Юксалиш” ҳаракати етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродовнинг “йўл харитаси томонларга ҳеч қандай мажбурият юкламайди, ҳуқуқий оқибат туғдирмайди” деган гўёки тинчлантирувчи гапи (муаммо шундаки, ҳеч қандай йўл хариталарисиз ҳам катта-катта оқибатлар келиб чиққанини кўп бора кўрдик сўнгги йилларда).

 

2022 йил ноябрь ойи охирида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга уч томонлама газ иттифоқини тузишни таклиф қилгани маълум бўлганди. Россия томони бу таклиф сиёсий шартлар эвазига газ етказиб беришни назарда тутмаслигини, гап тижорий манфаатларни мувофиқлаштириш ҳақида кетаётганини билдирди.

 

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов декабрда Ўзбекистонда совуқ ҳаво бошланиши билан бошланган энергетика инқирози фонида Ўзбекистон газни «қандайдир иттифоқ ёки иттифоқ йўли билан эмас, балки қўшнилардан — тижорат шартномаси асосида импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бораётгани»ни айтганди.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика