Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари хориждаги сайлов участкалари тўғрисида маълумот берди
24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев чет давлатлардаги элчихона ва консулликларда ташкил этилган сайлов участкалари тўғрисида маълумот берди.

Бу йилги Президент сайловида чет элдаги ватандошлармизнинг иштирокини таъминлаш мақсадида 37 та давлат, жумладан, Австрия, Афғонистон, АҚШ, БАА, Беларусь, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Индонезия, Исроил, Испания, Италия, Жанубий Корея, Қирғизистон, Қозоғистон, Қувайт, Латвия, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Покистон, Польша, Россия, Саудия Арабистони, Сингапур, Таиланд, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Украина, Уммон, Франция, ХХР, Ҳиндистон, Швейцария, Эрон ва Япониядаги элчихона ва консуллик идоралари ҳузурида 54 та сайлов участкаси, дипломатик ваколатхоналар бўлмаган 11 та давлат, 149 та шаҳарда 380 та қўшимча кўчма сайлов участкаси ташкил этилди.
Шунингдек, ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари чет элда муддатидан олдин овоз берган ватандошлар ҳақида маълумот берди. Маълумки, Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.
Шунга биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов участкаларида сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз бериш 2021 йилнинг 14 октябридан 20 октябрь якунига қадар ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муддатидан олдин овоз беришда иштирок этган сайловчилар сони 120 524 нафарни ташкил этди. Улар кўчма сайлов участкаларида овоз берди.
Шу билан бирга, халқаро кузатувчиларнинг хорижда ташкил этилган сайлов участкаларидаги жараёнларни кузатиб боришига тўлиқ имконият яратилгани маълум қилинди.
Бундан аввал ЕХҲТ кузатувчиси сайловга юқори баҳо бергани ҳақида хабар қилинган эди.
Жаҳонгир Қўзиев







