1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

“Янги-Ангрен ИЭС” 6 ойлик режани ортиғи билан бажарди

Ҳозирда станцияда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари кетмоқда.

“Янги-Ангрен ИЭС” 6 ойлик режани ортиғи билан бажарди

Янги-Ангрен ИЭС мамлакатимиз энергетика тизимидаги кўмирга ихтисослашган энг йирик электр станция ҳисобланади. Мазкур йирик энергоиншоот Ангрен шаҳри, Оҳангарон тумани ва аҳоли зич жойлашган Фарғона водийси аҳолисини электр энергияси билан таъминловчи асосий электр станция саналади.

 

Шу кунларда корхонада истеъмолчиларни барқарор ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш баробарида 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари олиб бориляпти. Электр станциясида кечаётган жараёнлар билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш мақсадида ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида пресс-тур ташкил этилди.

 

Электр станция ўтган асрнинг 1985 йилларида ишга туширилган. Корхонада ҳар бирининг қуввати 300 МВтга тенг бўлган 7 та энергоблок мавжуд бўлиб, умумий ўрнатилган қувват 2100 МВтни ташкил этади. Иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш қуввати эса 186 минг Гкалга тенг. Электр станция Нуробод шаҳарчаси ҳамда станцияга ёндош ҳудудда жойлашган иссиқхоналар истеъмолчиларига иссиқлик энергияси етказиб беради. Корхонада 1600 нафардан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қилиб келмоқда.

 

Станция йилнинг тўрт фаслида, айниқса, қиш мавсумида кузатиладиган аномал совуқ об-ҳаво шароитида табиий газ босими нисбатан тушиб кетган вақтларда электр энергияси ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлашга хизмат қиляпти.

 

Истеъмолчиларни узлуксиз электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 6 ойи давомида режага кўра 2,44 млрд. кВт.соат электр энергияси, 112 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиши белгиланган эди.  Амалда эса 2,55 млрд кВт.соат электр энергияси ҳамда 118,1 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилди. Режа кўрсатгичи 104,4/105,5 фоизга (104,4 электр энергияси, 105,5 иссиқлик энергияси)  бажарилишига эришилди. Маълумот учун, Янги-Ангрен ИЭСда йилига ўртача 5 млрд. кВт.соат электр, 200 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади.

 

Айни дамда станцияда 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кампанияси доирасида белгиланган вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Энергоблоклар ва қурилмаларда мукаммал, ўрта ва жорий таъмир ишлари олиб бориляпти.

 

Бугунга қадар таъмир режасига кўра, 1-сонли энергоблокда мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, энергоблок куз-қиш мавсумига шай ҳолатга келтирилди. Айни кунларда станциянинг 4-сонли энергоблокида ўрта таъмир ишлари олиб борилмоқда. Пресс-тур иштирокчилари амалга оширилаётган мазкур таъмир жараёнлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.  

 

Пресс-тур иштирокчилари станцияда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ягона энерготизимга узатилишида муҳим ҳисобланган 500/220 кв кучланишга эга очиқ тақсимлаш қурилмалари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.

 

Қатнашчилар шунингдек, энергоқурилмаларни бошқариш пульти ҳамда станциянинг 5-сонли энергоблоки мисолида корхонада электр энергиясини ишлаб чиқариш жараёни билан танишдилар.   

 

5-сонли энергоблок турбина қурилмасининг умумий оғирлиги 690 тонна бўлиб, 300 МВт қувватга эга. Қозонхонада сув қайнатилиб ўткир буғ ҳосил қилинади. Сўнгра у оғирлиги нақд 400 тонна келадиган энергоблок роторини дақиқасига 3000 минг маротаба айлантириши ҳисобига генераторда электр энергияси ҳосил бўлади. 

 

ОАВ вакиллари пресс-тур давомида корхона фаолияти бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика