Янги ўқув йилида 738 минг бола 1-синфга чиқади, ҳозиргача 600 минг бола қабул қилинган
Бу йил 2018 йил 31 декабрига қадар туғилган болалар мактабга қабул қилинади, жараён эса 15 августгача давом этади.

Ўзбекистонда 2025/2026-ўқув йилида 738 минг нафар бола илк бор мактаб остонасини ҳатлайди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирга қадар қарийб 600 минг бола 1-синфга қабул қилинди, жараён эса 15 августгача давом этади. “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, бу йил 2018 йил 31 декабрига қадар туғилган болалар мактабга қабул қилинади.
Янги ўқув йилида 1-синфга қадам қўяётган ҳар бир бола Президент совғаси сифатида 12 номдаги ўқув қуролларини олади. Улар орасида ўқув сумкаси, дафтарлар, ручка, қаламлар, рангли қоғоз, пластилин, расм дафтари, ўчирғич, акварел бўёқлар, елим ва қаламдон мавжуд. Бу тўпламлар “Таълим-таъминот ва логистика” хизмати орқали ҳудудларга 1–10 август, мактабларга эса 10–20 август кунлари етказилади.
Вазирлик маълумотларига кўра, 2025/2026-ўқув йилида мамлакат бўйлаб 10 170 дан ортиқ умумтаълим мактабида 6,7 миллион нафар ўқувчи таълим олади. Янги ўқув йили арафасида 30 дан ортиқ янги мактаб фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, ижтимоий ва ишлаб чиқариш дастурлари ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан 379 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, натижада 112 мингга яқин янги ўқувчи ўринлари яратилади.
Шунингдек, вазирлик таълим сифати паст бўлган 470 та мактаб рўйхатини тасдиқлади. Бу каби мактабларнинг энг кўпи Қашқадарё вилоятида — 99 та. Мутахассислар бундай муассасаларда таълим сифатини ошириш бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқилишини таъкидламоқда.







