Метрода 13 ёшли қизга тегажоғлик қилган эркак бўйича суриштирув ишлари бошланди
Тошкент метрополитенида 13 ёшли қизга беҳаё ҳаракатлар қилган эркак бўйича суриштирув бошланди. Бу ҳақда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси хабар бермоқда.


Қайд этилишича, Тошкент метрополитенида вояга етмаган қизга нисбатан беҳаё ҳаракатлар қилган эркак бўйича суриштирув ишлари амалга оширилмоқда. Ижтимоий тармоқларда метро вагонида кетаётган қизга номаълум эркак тегажоғлиқ қилишга урингани тасвирланган видео тарқалди. Ҳолатни қизнинг ўзи телефони ёрдамида тасвирга олган.
ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармасининг маълум қилишича, ҳолат 18 сентябрь куни соат тахминан 17:00 ларда Тошкент метрополитенининг “Олмазор” бекатида содир бўлган.
Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида яшовчи 2008 йилда туғилган, вояга етмаган, А.Э.га нисбатан номаълум эркак томонидан беҳаё ҳаракатлар қилгани ҳолати бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда видеокузатув мосламалари орқали номаълум эркакнинг ҳаракат йўналишини ўрганиш ва шахсини аниқлаш ишлари амалга оширилмоқда.
“Ҳурматли фуқаролар, агар сиз ушбу фотосуратдаги эркак киши ҳақида маълумотга эга бўлсангиз дарҳол 102 рақамига ёки яқин бўлган ички ишлар органига хабар беришингизни сўраймиз”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада 11 ёшли бола икки йил давомида амакиси томонидан зўрлаб келингани ҳамда қандай кимсалар педофил бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Баҳринисо Мадумарова







