Шавкат Мирзиёев: Марҳумларимизга нисбатан адолатсизликлар бўлганидан хабардорман
Кўксаройдаги тақдирлаш маросимида ўзбек адабиёти ва санъатининг марҳум фидойилари учун берилган мукофотлар уларнинг яқинларига топширилди.


«Бизда марҳумларни тақдирлаш тажрибаси йўқ эди. Биз уларни ёдга олдик ва тақдирлашга қарор қилдик.
Марҳумларимизга нисбатан адолатсизликлар бўлганидан ҳам хабардорман. Буни халқимиз тўғри қабул қилди, ўтганларнинг руҳи эса ўйлайманки шод бўлди. Маърифат, ўзлигимизни англаш нуқтайи назаридан бу тўғри қарор бўлди десам, фикримга қўшиласизлар деб ўйлайман.
Ботир Зокиров алоҳида имзо чекишга сазовор инсон эди. Бу кишини билмайдиган бирорта ўзбек хонадони йўқ. Отажон Худойшукуров билан шахсан таниш эдим. Санъати ҳам, ўзи ҳам бақувват, лекин ўзи камтар инсон эди», дея таъкидлади президент.
Қўшиқчи Ботир Зокиров учун «Эл-юрт ҳурмати» ордени укаси, қўшиқчи Фаррух Зокировга топширилди.

Актёр Мирзажон Азизов учун «Фидокорона хизматлари учун» ордени турмуш ўртоғи Тожибар Азизовага топширилди.

Қизиқчи Обид Асомов учун «Фидокорона хизматлари учун» ордени қизи Наргиза Эргашевага топширилди.

Қўшиқчи Таваккал Қодиров учун «Фидокорона хизматлари учун» ордени ўғли Музроб Қодировга топширилди.

Ёзувчи Ўлмас Умарбеков учун «Фидокорона хизматлари учун» ордени турмуш ўртоғи Зуҳра Умарбековага топширилди.

Шоира Халима Худойбердиева учун «Фидокорона хизматлари учун» ордени қизи Камола Умурзоқовага топширилди.

Ҳофиз Фахриддин Умаров учун «Фидокорона меҳнатлари учун» ордени унинг набираси Ҳусниддин Умаровга топширилди.

Қўшиқчи Отажон Худойшукуров учун «Фидокорона хизматлари учун» ордени қизи Интизор Худойшукуровага топширилди.

Қўшиқчи Ортиқ Отажонов учун «Меҳнат шуҳрати» ордени ўғли Улуғбек Отажоновга топширилди.

Аввалроқ пойтахтдаги Кўксарой қароргоҳида юксак давлат мукофотига сазовор бўлган ватандошларни тақдирлаш маросимида ёзувчи, таржимон, танқидчи, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров президент Шавкат Мирзиёев ҳақидаги фикрларини билдириб ўтганди.







