Токио Гарварддаги халқаро талабаларни қабул қилишга тайёрлигини билдирди
Гарварддаги халқаро талабалар учун Япония вақтинчалик бошпанага айланмоқда.

Япония ҳукумати АҚШнинг Гарвард университетига қўйган янги чекловларига жавобан, ўз университетларига ушбу муассасадаги халқаро талабаларни вақтинча қабул қилиш имкониятини кўриб чиқишни тавсия қилмоқда. Бу ҳақда Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири Тошико Абе маълум қилди.
“Биз истеъдодли ва амбицияли ёшлар учун таълим олиш имкониятини таъминлашни истаймиз. Шу сабабли тегишли муассасалар билан ҳамкорликка тайёрмиз”, — деди вазир.
26 май куни Токио университети бу ташаббусни жиддий ўрганаётганини эълон қилди. Ҳозирда Гарвардда 110 нафар япон талабаси таҳсил олмоқда, шунингдек, 150 нафар япониялик тадқиқотчи фаолият юритмоқда.
Мазкур вазият АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг Гарвард университетига халқаро талабаларни қабул қилишга рухсат беришни тўхтатган қароридан кейин юзага келган. АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм бу қарорни талабалар шаҳарчасида зўравонлик ва антисемитизмга нисбатан муросасизлик, ҳамда университетнинг Хитой Коммунистик партияси билан алоқалари билан изоҳлади.
Натижада, ҳозирда Гарвардда таҳсил олаётган чет эллик талабалар бошқа олий ўқув юртларига кўчишга мажбур бўлмоқда. Гарвард эса бунга жавобан Бостон федерал судига даъво аризаси топширди.







