Хитой компаниялари Трамп божларини четлаб ўтяпти
Хитойдан АҚШга “учинчи давлатлар” орқали маҳсулот ўтмоқда.

Хитой компаниялари АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан жорий этилган юқори импорт божларини айланиб ўтиш учун ўз маҳсулотларини учинчи давлатлар орқали АҚШга экспорт қилмоқда. Бу ҳақда Финансиал Тимес нашри маълумот берган.
Нашр маълумотларига кўра, Хитой ижтимоий тармоқларида реклама қилинаётган хизматлар экспортчиларга маҳсулотларни Малайзия каби давлатларга юборишни, у ерда эса янги келиб чиқиш сертификати олишни таклиф қилади. Шундан сўнг, товарлар “учинчи мамлакат маҳсулоти” сифатида АҚШга етказиб берилади.
Бироқ АҚШ савдо қонунчилигига кўра, бундай ҳолатда маҳсулотлар янги сертификатга эга бўлиши учун “катта ўзгаришлар”дан ўтган бўлиши керак. Бу эса, одатда, товарнинг қайта ишланиши ёки қайта ишлаб чиқарилиши деганидир.
Мақолада таъкидланишича, айрим Хитой компаниялари айнан шу талабларни қанчалик тўлиқ бажараётгани номаълум, бироқ бундай йўл орқали божхона тўловларидан қочиш уринишлари кучаймоқда.







