Ўзбекистон

“Янги Ўзбекистон” боғида Наврўз тантанаси бўлиб ўтди

Президент нутқ сўзлаб, халқимизни байрам билан муборакбод этди.

“Янги Ўзбекистон” боғида Наврўз тантанаси бўлиб ўтди

Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғида 21 март куни Наврўз тантанаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, халқимизни байрам билан муборакбод этди.

 

– Бу йилги Наврўз муқаддас Рамазон ойида, унинг табаррук фазилатларига уйғун ҳолда ўтаётгани байрамга алоҳида руҳ, ўзгача файз ва қувонч бағишламоқда. Қалбларимиз шодликка тўлган шундай барокатли кунларда юртимиз мўмин-мусулмонларини, бутун ислом умматини Рамазони шариф билан яна бир бор қутлаб, жамики пок ниятларимиз ижобат бўлишини тилаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Давлатимиз раҳбари хорижий мамлакатларда она юрт меҳри ва соғинчи билан яшаётган ватандошларимизни ҳам табриклаб, самимий тилакларини изҳор этди. 

 

Наврўз 3 минг йиллик давлатчилигимиз тарихида ўзининг беқиёс маънавий аҳамияти билан ҳамиша алоҳида эътибор топган буюк байрам экани таъкидланди. Бу айёмнинг бетакрор гўзаллиги, инсонпарварлик руҳи ва теран фалсафаси глобаллашув даврида ҳам бутун башариятни ҳайратга солаётгани унинг азалий моҳияти ва ҳаётбахш кучидан далолат беради.

 

Наврўзда мужассам бўлган бунёдкорлик руҳи Янги Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар ва жадал ўзгаришларнинг асл мазмуни ва эзгу ғояларига ҳамоҳангдир. Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини юксалтириш йўлида қатъий қадамлар қўйилмоқда.

 

Юртимизда кўплаб замонавий саноат мажмуалари, инфратузилма ва логистика тармоқлари, янги иморат ва уй-жойлар, боғча ва мактаблар, олийгоҳлар, шифохоналар, маданият ва спорт масканлари бунёд этилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимиз обод бўлиб бормоқда.

 

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида диёримизда янги экологик муҳит яратилмоқда. “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” давлат дастури доирасида бу жараён янада кенг кўлам касб этмоқда.

 

Президентимиз нутқида ёшлар сиёсатига ҳам тўхталиб, улар Янги Ўзбекистоннинг илғор ва қудратли кучига айланиб бораётганини таъкидлади. Улкан натижаларга эришиб, юртимиз ривожи ва обрўсини ошираётган ақл-идрокли, билим ва малакали, серғайрат ва ишбилармон ўғил-қизларни шарафлади.

 

– Азиз фарзандларим, сизлар Ватанимиз осмонида ёрқин юлдузлар бўлиб порлайдиган вақт келди. Юртимиздаги беқиёс имкониятларни амалий натижаларга айлантириш учун тинимсиз ҳаракат қилинг! Ҳеч қачон унутмангки, ортингизда салкам 38 миллионлик буюк халқ, Президент турибди, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Наврўзнинг гашти, жозибаси, айниқса, маҳаллаларда ўтаётган халқ сайилларида яққол сезилади. Миллий анъаналаримиз ўчоғи бўлган маҳалла тизимининг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда. Ёшлар тарбияси, осойишталикни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, ижтимоий ҳимоя ва хотин-қизлар фаоллигини кучайтириш, экология ва ободлик каби бири-биридан муҳим вазифалар маҳалланинг ўзида ҳал этилмоқда.

 

Фурсатдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбари 22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни билан барча маҳалла фаолларини самимий табриклади.

 

Наврўз бағрикенглик ва аҳиллик руҳи билан юртимиздаги барча миллат ва элат вакиллари учун севимли, том маънода умумхалқ байрамига айланган. Шу маънода, Президентимиз бутун халқимизга мурожаат қилди:

 

– Бизнинг кучимиз – бирлик ва аҳилликда, қудратимиз – Ватанга меҳр ва садоқатда, ютуғимиз – ўзимизга бўлган юксак ишончимизда!

 

Умумбашарий моҳияти туфайли Наврўз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан халқаро байрам сифатида эътироф этилган. Бу қадрият Шарқдаги кўплаб элу элатларни, жумладан, Марказий Осиё халқларини янада жипслаштирмоқда. Шу ой охирида қадимий Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг уч томонлама учрашуви ўзаро аҳиллик йўлида яна бир амалий қадам бўлади.

 

Давлатимиз раҳбари байрамда иштирок этаётган элчилар ва халқаро ташкилотлар вакилларини халқаро Наврўз куни билан қутлаб, уларнинг халқларига дўстлик саломини йўллади.

 

Байрам катта концерт дастури билан давом этди. Унда юртимиз санъаткорларидан ташқари Туркия, Туркманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби қардош ўлкаларнинг таниқли хонандалари ҳам қатнашгани диққатга сазавор бўлди.

 

“Янги Ўзбекистон” боғи байрам шукуҳига бурканган. Майдончалар алвон гуллар ва байроқлар билан безатилган. Миллий маданият марказларининг кўргазмаларида юртимиздаги тотувлик ва бой маданий хилма-хиллик намоён. 

 

Давлатимиз раҳбари ушбу кўргазмаларни ва фольклор-этнографик жамоаларнинг куй-қўшиқларини томоша қилди.

 

Наврўз сайиллари юртимизнинг барча гўшаларида давом этмоқда. Деҳқонлар халқимизнинг ризқ-рўзи умидида ерга барака уруғлари экмоқда. Маҳаллаларда ободончилик, меҳр-мурувват тадбирлари ўтказилмоқда.

custom img

Экологик экспертиза хулосаси: уни энди онлайн олиш мумкин

Белгиланган тўлов ҳам онлайн амалга оширилади.

custom img

Сув таъминоти вақтинча чекланади: 5 октябрдан ўчирилади

2026-йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида сув тармоқларида режали профилактика-таъмирлаш ишлари олиб борилади.

custom img

Тошкентда чанг-тўзон хавфи: Махсус комиссия огоҳлантирди

Тошкентда ёмғир олдидан шамол кучайиши сабаб қисқа муддатли чанг-тўзон кузатилиши мумкин.

custom img

Жуда кўп миқдордаги фирибгарлик: гумонланувчи Грузияда қўлга олинди

Интерпол Миллий марказий бюролари ходимлари иштирокида фуқаро Ўзбекистонга олиб келинган.

custom img

«Карвон» бозори ёнмоқда: қутқарувчилар воқеа жойида

Ҳозирда ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.

custom img

Афғонистондан келган юк машинаси текширилди: 52,5 кг наркотик топилди

«Айритом» чегара божхона постига кириб келган юк машина тиркамасининг полига яширилган ўрамлардан 42,3 килограмм гашиш ва 10,2 килограмм опий топилган.

custom img

Қашқадарёда 4 ёшли қизнинг ўлими: оиладаги бошқа бола васийга топширилди

Аввалроқ 4 ёшли қизча ўгай онасининг калтаклаши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

custom img

Киев ва Москва зарбалар алмашди: 5 киши ҳалок бўлди

Ҳужумлар чоғида Одесса вилоятида Либерия байроғи остида сузаётган кема ва Киевдаги Шимолий кўприк ҳам нишонга олинган. Украина Россия босиб олган ҳудудларга зарба берган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"