Франция мактабларида тартибсизликлар: 24 та мактаб ёқиб юборилди
Ўқувчилар намойишлари ортидан 500 тагача таълим муассасасида дарслар тўхтатилган.

Францияда норозилик намойишлари вақтида таълим муассасаларида зўравонлик ва вандализм ҳолатлари кузатилди. Камида 24 та мактабга ўт қўйилган ёки улар вайрон қилинган. Бу ҳақда мамлакат таълим вазири Эдуар Жефрега таяниб, Le Figaro маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, жума куни Франция бўйлаб 400–500 та таълим муассасасида дарслар тўхтатилган. Душанба куни ҳам шунча мактаб ва бошқа таълим муассасасида машғулотлар тўхтатилиши кутилмоқда.
Жефренинг қайд этишича, дарслар барча муассасаларда бирданига эмас, босқичма-босқич ва қисман тикланади.
Шунингдек, воқеалар бошланганидан буён таълим тизимининг 78 нафар ходими жароҳатланган.
Таълим вазири бу маълумотларни «Бўйсунмас Франция» ҳаракатининг миллий координатори Мануэл Бомпар билан бўлиб ўтган баҳс давомида келтирган.








