Қашқадарёда 4 ёшли қизнинг ўлими: оиладаги бошқа бола васийга топширилди
Аввалроқ 4 ёшли қизча ўгай онасининг калтаклаши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Қашқадарё вилояти Касби туманида 4 ёшли қизнинг вафоти билан боғлиқ ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Оиладаги бошқа вояга етмаган боланинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида у яқин қариндошининг васийлигига топширилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди. Ҳолат агентлик томонидан алоҳида назоратга олинган.
Ҳозирда боланинг ҳаётий ҳолатини барқарорлаштириш ва хавфсизлигини таъминлаш учун ижтимоий ҳимоя тизими мутахассислари томонидан унинг ҳаётий ҳолати ҳамда мавжуд хавф омиллари баҳоланмоқда.
Шунингдек, болага зарур психологик ёрдам кўрсатилмоқда, тиббий кўрик ташкил этилмоқда. Боланинг яшаш манзили ўзгаргани инобатга олиниб, таълимни узлуксиз давом эттириш бўйича ҳам тегишли чоралар кўрилмоқда.
Бундан ташқари, ижтимоий ходим томонидан бола бўйича ижтимоий кейс очилиб, индивидуал ижтимоий хизматлар режаси ишлаб чиқилмоқда.
Қайд этилишича, агентлик яқин қариндоши қарамоғига топширилган боланинг хавфсизлиги ва фаровонлигини, шунингдек, унга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ҳамда индивидуал режа ижросини мунтазам назорат қилиб боради.








