20 минг долларлик опий: Фарғонада икки нафар шахс ушланди
Ёзёвон туманида 1 килограмм опий гиёҳвандлик воситасини сотишга уринган икки нафар шахс қўлга олинди.

Фарғона вилояти Ёзёвон туманида 1 килограмм опий гиёҳвандлик воситасини 20 минг долларга сотишга уринган икки нафар шахс ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 1981 йилда Андижон вилоятида туғилган фуқаро 1998 йилда туғилган шериги билан гиёҳвандлик воситасини сотишга уринган. Ички ишлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида улар қўлга олинган.
Вазирлик маълумотига кўра, ноқонуний айланишининг олди олинган гиёҳвандлик воситаларининг қора бозордаги умумий қиймати 240 миллион сўмни ташкил этади.
Ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








