Забелинская Туркияда ғолиб, Кускова эса «Энг яхши» бўлди
Велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари айни пайтда Туркияда ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.

Велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари айни пайтда Туркияда ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.

Йиғин давомида спортчиларимиз шоссе йўналишида халқаро мусобақада ҳам иштирок этди.
Туркиянинг Каҳраманмараш шаҳрида 107 километр масофага аёллар ўртасидаги пойга ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Туркия, Россия, Қозоғистон ва Украина мамлакатларидан 30 дан ортиқ спортчи иштирок этди.
Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар беришича, баҳсларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Ольга Забелинская барча рақибаларидан тезроқ маррага етиб келди ва мусобақа ғолибасига айланди.
Шунингдек, ёш велоспортчимиз Янина Кускова маррага ўнинчи бўлиб етиб келди. Бу ёшлар тоифасидаги энг юқори кўрсаткич бўлди. Шу боис Кускова мусобақанинг «Энг яхши ёш пойгачиси» деб топилди.
Мусобақада қатнашган бошқа велоспортчиларимизнинг натижаси эса қуйидагича кўриниш олди:
София Каримова – 21
Мадина Қаҳҳорова – 24
Анна Куликова – 25
Шаҳноза Абдуллаева – 26
Бундан ташқари, кеча эркаклар ўртасида 167 километр масофага (денгиз сатҳидан 4700 метр баландликда) пойга баҳслари ҳам ташкил этилди. Ушбу мусобақада қатнашган йигитларимиздан Алексей Фомовский 22-натижани кўрсатди. Шунингдек, баҳсларда қатнашган Акром Суннатов ва Данил Евдокимов кучли 50 нафар спортчи орасидан ўрин олди. Ушбу мусобақа ёш велоспортчиларимиз учун ўзига хос тажриба вазифасини бажариб берса, Забелинская учун Олимпиада олдидан синов бўлиб хизмат қилди.







