Япониялик мухлислар ўзбек спортчиларига омад тилашди
Бугун Майдзуру шаҳрида тайёргарликдан ўтаётган дзюдочиларимиз иштирокида тадбир бўлиб ўтди.

Даставвал йиғилганлар терма жамоамизнинг очиқ машғулотига гувоҳ бўлишди. Тадбирда ўзбек миллий кийимлари ва урф-одатларига оид кўргазма ҳам ташкил этилди. Эътиборлиси, япониялик ёш мухлислар терма жамоамизни қўллаб-қувватловчи кўргазмали қуроллардан фойдаланишди. Бу эса спортчиларимизни хушнуд қилди.
Тадбир Майдзуру шаҳри мерияси ва Ўзбекистон дзюдо федерацияси ўртасида тузилган ҳамкорлик меморандуми доирасида ташкил этилди.
Унда Миллий Олимпия Қўмитаси раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, Майдзуру шаҳри ҳокимияти мутасаддилари, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси масъул ходими Музаффар Жалилов ва маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Азизжон Камилов шаҳар мерига федерациянинг ташаккурномасини топширди.
Эслатиб ўтамиз, спортчиларимиз 12 июнь куни Токионинг Майдзуру шаҳрига Олимпиадага тайёргарлик босқичидан ўрин олган сўнгги ўқув машғулотларини ўтказиш учун жўнаб кетишган эди.







