Токио Олимпиадасида ғолиб спортчилар медалларни ўзлари тақишади
Халқаро Олимпия Қўмитаси президенти Томас Бахнинг сўзларига кўра, коронавирус тарқалиш хавфини камайтириш учун спортчилар бўйинларига медалларни ўзлари тақишади: «Медаллар (спортчиларга) тақилмайди. Уларни махсус олиб келишади, кейин эса спортчи уни ўзи олади. Медални идиш устига қўйган киши буни фақат дезинфекция қилинган қўлқоп билан бажаради, шунда спортчи илгари ҳеч ким унга тегмаганига амин бўлиши мумкин», — дейди Томас Бах.

Анъанага кўра, Олимпия ўйинлари совриндорлари ва ғолибларига Халқаро Олимпия Қумитаси аъзоси ёки Халқаро Спорт Федерациясининг юқори мартабали вакили томонидан берилади.
Шунингдек, коронавирус тарқалиши туфайли Япония пойтахтида бўлиб ўтадиган Ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этадиган мартабали кишилар сони кескин камаяди. Таъкидланишича, ташкилотчилар Олимпиаданинг ташкил этилиши билан боғлиқ 1000 тадан кам одамни очилиш маросимида томошабин сифатида қабул қилишни режалаштиришмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Токиодаги Олимпия ўйинлари 23 июлдан 8 августгача бўлиб ўтади.







