ФИДE Жаҳон кубоги-2021: 1/64 финалда шахматчиларимиз қандай иштирок этишмоқда?
Шу кунларда Россиянинг Сочи шаҳрида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Жаҳон кубоги мусобақалари давом этмоқда.

Умумий мукофот жамғармаси 1 892 500 долларни ташкил этган мусобақада ўзбекистонлик ёш гроссмейстерлар ҳам юртимиз шарафини ҳимоя қилишяпти.
Мусобақанинг биринчи босқичида ҳамюртларимиз Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Абдусатторовларнинг барчаси умумий икки партиядан иборат қарама-қаршиликда ғалаба қозониб, 1/64 финалга йўл олишган эди.
Афсуски, қуръа Жаҳон кубогининг 1/64 финал босқичида вакилларимизга жуда кучли ва жиддий рақибларни рўбару қилди.
Кеча бўлиб ўтган 1/64 финалнинг илк партиясида ўтган йили гроссмейстер унвонини қўлга киритган 19 ёшли шахматчимиз Шамсиддин Воҳидовдан ташқари барча ҳамюртларимиз кучли рақиблари билан муросага эришди. Шамсиддин дунё тарихидаги иккинчи ёш гроссмейтер, 2015 йилги ФИДE Жаҳон кубоги ғолиби, тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпиони (2012 йил), блиц бўйича жаҳон чемпиони (2016), 2013 ва 2019 йилларда жамоавий жаҳон чемпионатида икки бор чемпионлик тожини кийган россиялик Сергей Карякинга қарши қора доналарда ўйнаб ютқазиб қўйди.
Нодирбек Абдусатторов эса ҳиндистонлик Аравиндх Читамбарамга қарши кечган ўйинда мураккаб вазиятдан чиқиб кета олгани таҳсинга лойиқ.
ФИДE Жаҳон кубоги-2021. 1/64 финал босқичи. Биринчи партия:
Жаҳонгир Воҳидов – Ленер Перез Домингес (АҚШ) – 0,5:0,5.
Жавоҳир Синдаров – Алиреза Фирузжа (Франция) – 0,5:0,5.
Нодирбек Ёқуббоев – Давид Навара (Чехия) – 0,5:0,5.
Нодирбек Абдусатторов – Аравиндх Читамбарам (Ҳиндистон) – 0,5:0,5.
Шамсиддин Воҳидов – Сергей Карякин (Россия) – 0:1.
Жамшид Амиров







