“Бирни берсанг, мингни бераман”: саховатпеша юлдузлар хайрияда ҳам бир-биридан ўзади
Дунёга машҳур спортчилар ўз даромадлари ҳисобидан кўплаб хайрия ишларини амалга оширишади. Ана шундай эзгу ишларни мунтазам равишда бажариб келаётган айрим футбол юлдузлари ва бутун жаҳон теннис оламининг номдор вакиллари мисолида кўриб чиқамиз.

Садио Мане
Бир неча йиллардан бўён “Ливерпул« футбол клубининг асосий ҳужумчиларидан бири бўлиб келаётган сенегаллик Садио Мане ана шундай инсонлардан бири ҳисобланади. Мане Сенегал термаси билан охирги Африка миллатлар кубогида кумуш медалларни қўлга киритди. Клуби сафида эса Европа чемпионлар лигаси ғолиблигига эга чиқди. У туғилиб ўсган қишлоғига 250 минг еврога мактаб қуриб берган. Ундан аввалроқ 2019 йил сенегаллик футболчи ўз ватанида шифохона ҳам бунёд этган. Бундан ташқари у аҳволи оғир бўлган қишлоқ аҳолисига 70 фунтдан пул тўлаб боради ва маҳаллий болалар учун бепул футбол буюмлари олиб беради.
Криштиану Роналду
Криштиану Роналду дунёдаги энг кучли ва энг бой футболчилардан бири. Унинг шахсий ва жамоавий совринлари талайгина. Клублар миқёсидаги барча мусобақаларда ғолиб бўлган. Беш карра «Олтин тўп» соҳиби. Шу билан бир қаторда Роналдо Португалия термаси билан Европа чемпионлигини ва Миллатлар лигаси олтин медалларини ҳам қўлга киритган. Фақатгина миллий жамоаси билан жаҳон чемпионати кубогини боши узра баланд кўтармаган. Роналдо мунтазам равишда муҳтожларга ёрдам бериш учун миллионлаб доллар хайрия қилади. Масалан, 2015 йилда у Непалдаги зилзилада жабрланганларга 5 миллион фунт стерлинг пулни эҳсон қилди. Ундан аввалроқ у ўзининг “Олтин бутса”сини ким ошди савдосига қўйди ва 1,5 миллион эвро миқдоридаги пулни Ғазодаги мактаблар қурилишига юборди.
Лионел Месси
Яқинда Аргентина терма жамоаси билан Америка кубогини қўлга киритган Месси ҳам катта ҳажмда хайрия ишлари билан шуғулланади. У 2007 йилда болалар шифохонасига ташриф буюриб, бир нечта беморлар билан суҳбатлашгандан сўнг уларга мунтазам ёрдам бериб туришни ўз-ўзига ваъда берган эди. Бугунги кунда Лионел Месси фонди Аргентина, Испания ва дунёнинг бошқа мамлакатларидаги тиббий тадқиқот марказларига ҳомийлик қилиб келмоқда. Шунингдек, у Суриядаги вайрон бўлган мактабларни тиклаш учун катта миқдордаги маблағ ажратган.
Дэвид Бекхем
Дэвид Бекхем 15 йил олдин фаол хайрия ишларини бошлаган. Англия футболининг ёрқин вакилларидан бири бўлмиш Бекхем ҳозиргача дунё бўйлаб 15 ёшгача бўлган миллионлаб болаларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, Буркина-Фасодаги фонди болалар учун сув ва санитария шароитларини яхшилашга ва Швейцарияда ОIV билан касалланган оналар ва болаларни ҳимоя қилишга ёрдам берди.
Месут Ўзил
Германия терма жамоаси билан 2014 йилги жаҳон чемпионати олтин медаллари соҳиби Месут Ўзил бир пайтлар болаларга ёрдам бериш энг катта мақсадларидан эканлигини айтган. У инсоният келажаги айнан болалар эканлигини таъкидлаган. Футболчи Англия клуби бўлмиш »Арсенал" сафида тўп тепган пайтлари ногирон болаларга таклифномалар юбориб турган. 2014 йилда у Бразилияда оғир касал болалар учун 23 та операция учун пул тўлади ва бир мунча вақт ўтгач, «Лауреус Спорт фор Гоод» (хайрия ишлари билан шуғулланадиганлар учун махсус мукофот) мукофотини олди. Месут доимо муҳтожларга ёрдам беришни хоҳлашини, аммо унинг хайрия ишларидан одамлар хабардор бўлишларини ёқтирмаслигини айтади.
Луис Суарес
Испаниянинг «Атлетико Мадрид» клуби аъзоси уругвайлик Луис Суарес кўп ҳолларда хулқи орқали намуна кўрсата олмасада, аммо бемор болалар ҳақида гап кетганда, Суарес фариштага айланади. 2014 йилда у Уругвайдаги болалар шифохонасига янги йил байрами арафасида 500 та саватда совғалар тақдим этади. 2015 йилда футболчи онкология билан оғриган болалар билан дўстона суҳбат ўтказиб, уларни ниҳоятда хурсанд қилади. У 2016 йил апрель ойида, фенилкетонурия (аминокислота метаболизмининг бузилиши билан боғлиқ ирсий касаллик) билан оғриган мухлис билан ушрашгандан сўнг хайрия аукционига бориб, даволаш бўйича тадқиқотларни молиялаштириш учун маблаг йиғди.
Златан Ибрагимович
Златан Ибрагимович мунтазам равишда турли хайрия фондларига ёрдам беради. Хусусан, 2014 йилда у Швециядаги ногирон футболчилар жамоасига спорт анжомлари сотиб олиш учун 50 минг доллардан ортиқ маблағ ажратган. 2015 йил февраль ойидаги бир футбол баҳсида гол урганидан сўнг футболкасини ечиб ташлади ва икки дақиқадан сўнг сариқ карточка олди. Аммо, бу икки дақиқа футбол ишқибозларининг Ибрагимович танасида 50 та татуировкани кўриш учун етарли бўлди. Унинг танасида очликдан азият чекаётган номаълум одамларнинг исмлари ёзилган эди. Шундан ҳам Златаннинг муҳтожларга нисбатан нақадар саховатпеша эканлигини кўришимиз мумкин.
Дунё тан олган теннисчилар ҳам
Дунё теннис оламида тенгсиз бўлиб келаётган бир қатор теннисчилар хусусан Надал ва Агасси, Шарапова ва Жокович, Мюррей, опа-сингиллар Уилямс ва ака-ука Браянлар мунтазам хайрия ишларини амалга ошириб келишади. Рожер Федерер, Рафаэл Надал, Новак Жокович, Энди Маррей, опа-сингиллар Уилямс, Мария Шарапова каби даражадаги спортчилар доимий равишда ўз фондлари орқали турли хил хайрия лойиҳаларига ҳомийлик қилишади. Россиялик теннисчи Мария Шарапова Россиядаги бир қанча болалар уйларига 40 минг доллар миқдоридаги пул маблағини хайрия қилган. Шарапованинг жамғармаси Чернобил АЭСидаги авария қурбонларини ҳам қўллаб-қувватлаган.
Испаниялик ракеткачи Рафаэл Надал эса кам таъминланган оилалардаги болалар ва ўспиринларнинг ижтимоийлашувига ёрдам беради, умуман спорт ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади. Жаҳондаги теннисчилар руйхатининг карвонбошиси сербиялик Новак Жокович жамғармасининг асосий мақсади турли мамлакатлардаги камбағал болаларга ёрдам кўрсатиш бўлса, Рожер Федерер жамғармасининг мақсади Африкадаги муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш.
Масалан, 2015 йилда Федерер жамғармаси Африканинг жанубидаги Замбия, Мозамбик ва Танзания билан чегарадош бўлган Малавида 81 та мактаб ва мактабгача таълим муассасаларини қуриш учун 13,5 миллион доллар ажратди. Бундан ташқари, ҳар йили (2004 йилдан бери) жамғарма нафақат Малавида, балки Африканинг бошқа бир қатор қашшоқ мамлакатлари - Танзания, Зимбабве, Эфиопия, Мали ва Ботсванада ҳам таълимни қўллаб-қувватлаш учун қарийб 3 миллион доллар ажратди.
Шунингдек, Рожер иштирокидаги хайрия учрашувларидан тушган маблағ африкаликларни қўллаб-қувватлашга сарфланади. Федерернинг онаси ҳам айнан Африка қитъасидан бўлганлиги сабабли спортчи мунтазам равишда у ерда хайрия ишларини олиб боради.
Жамшидбек Амиров







