Спорт

Қочқинлар Олимпиадада янги ном билан иштирок этмоқда

Қочқинлар масаласи бугунги даврнинг энг долзарб муаммоларидан бири саналади.

Қочқинлар Олимпиадада янги ном билан иштирок этмоқда

 

БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда 82.4 миллион киши турли сабабларга кўра, ўзи яшаб турган жойни тарк этишга мажбур бўлган. Қочқинларинг аксарияти Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари ҳисобига тўғри келиб, улар фуқаролар уруши ҳамда ўта қашшоқ ҳаётни ташлаб, катта умидлар билан ривожланган давлатларга йўл олишган. Уларнинг  кўпчилиги катта қийинчилик, азоб ва уқубатлар билан Европага етиб олишса-да, бу ерда уларнинг мослашиши, жамиятга қўшилиб кетиши хийла мураккаб кечади. Қочқинларнинг ўз йўлини топиши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши алоҳида бир муаммодир. Сўнгги йилларда кўплаб халқаро ташкилотлар ана шу муаммога ечим топишга ҳаракат қилмоқда. Халқаро Олимпия Қўмитаси ҳам ана шулар сирасига киради. Бир қарашда ХОҚ ва қочқинлар орасида бирор бир боғлиқлик йўқдек. Аммо ташкилот бир неча йилдан бери ўз вазифа ва ваколати доирасида қочқинларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши борасида катта ишларни амалга оширмоқда.  Шулардан бири Қочқинлар терма жамоаси ташкил этилишидир.

 

Қочқинлар жамоаси илк бор “Рио —2016” да пайдо бўлди. Уни тузишдан асосий мақсад — Яқин Шарқдан Европага мажбуран миграция қилинган инсонлар тақдирига жаҳон оммаси эътиборини жалб қилишдан иборат. 2016 йилги Олимпиадада Қочқинлар жамоасидан 10 нафар спортчи 3 спорт тури бўйича иштирок этган эди.

 

Токио Олимпиадасида иштирок этиш учун 56 нафар қочқин-спортчи сўровнома  топширган бўлса, шундан 29 нафарига иштирок этишга рухсат берилди.  Улар  12 спорт тури бўйича беллашишмоқда.

 

 —Сизнинг иштирокингиз дунёга  бирдамлик, матонат ва умид ҳақидаги мурожаатномадир, —деб таъкидлади ХОҚ президенти Томас Бах. — 2016 йилда қочқинлар жамоаси “Мустақил Олимпия спортчилари терма жамоаси” номи билан қатнашган бўлса, бу йилги ўйинларда улар Refugee Olympic Team — Қочқинлар Олимпия терма жамоаси номи остида иштирок этишмоқда. Жамоа номи ўзгариши ҳам қочқинлар муаммосига эътиборни кучайтиришга хизмат қилади.

 

Жамоага Афғонистон, Венесуела, Конго Демократик Репспубликаси, Эритерия, Эрон, Ироқ, Камерун, Конго Республикаси, Сурия, Судан ва Жанубий Суданлик қочқинлар жалб қилинган. Уларнинг тақдири турлича, улар турли мамлакат ва қитъа вакиллари, лекин уларнинг барчасини бир жиҳат бирлаштириб туради  — спорт миллионлаб қочқинларга умид бера олди. Шу ўринда уларнинг айримлари тақдири ҳақида ҳикоя қилишни лозим топдик.

 

Юсра Мардини  — 18 қочқинни қутқарган қиз

 

Қочқинлар Терма жамоасининг энг машҳур вакили, шубҳасиз, Юсра Мардини саналади. Мардини учун бу иккинчи Олимпиада: у “Рио — 2016”да ҳам иштирок этган. Гарчи ўшанда совринли ўринни эгаллай олмаган бўлса-да, лекин спорт ва жаҳон жамоатчилиги орасида ном қозонди. Унинг ҳаёт йўли том маънода драматик йўсинда кечган. Юсра Сурияда туғилган, болалигидан сузиш билан шуғулланган. У сузиш бўйича Сурия терма  жамоаси аъзоси эди . Ҳаммасини мамлакатда бошланиб кетган фуқаролар уруши тўхтатиб қўйди. “Биз ўта қийин шароитда яшардик, бир қанча вақтдан сўнг  яқинимизга, жумладан, мен шуғулланадиган бассейн ва олимпия стадионига бомбалар ёғила бошлади. Отам Сурияда эмас, бизга доимий равишда маблағ етишмас эди. Кўплаб дўстларим мамлакатни  тарк этишди, маълум вақтдан сўнг мен ҳам ортиқ  қола олмаслигимни тушундим ва янги ҳаёт бошлашга аҳд қилдим”, деган эди спортчи Wonderzine нашрига берган интервьюсида.

 

Мардини Грецияга кетишга қарор қилади. У ерга фақат Туркия орқали ўтиш мумкин эди. Туркияда Мардини, синглиси ва яна 18 қочқин Эгей денгизида қайиққа ўтқазилади. Лекин очиқ денгизда қайиқ бошқарувни йўқотади ва чўкиб кетиш хавфи пайдо бўлади. Фақат Мардини ва унинг синглиси Сара ҳатти-ҳаракатлари ҳисобига қайиқ Лесбос оролига етиб олади ҳамда барча қочқинлар тирик қолишади. Бу ерда ҳам спортчининг сузиш қобилияти қўл келади: у синглиси билан бир неча соат қайиқни қирғоқ томон судраб боради.

 

Шундан кейин Мардини Германияга йўл олди ва Берлинда яшай бошлади. Германияда ҳам сузиш унга ёрдам берди: Юсра спорт мактабига кирди ва бир неча ютуқларга эришди. Бу ҳақда унинг ўзи  “агар спортчи бўлмаганимда, янги мамлакатда мослашишим қийинроқ кечарди” деб эслайди.

 

2016 йилги Олимпиадада у эркин усулда 100 метр масофага қирқ бешинчи, баттерфлай усулида 41-бўлиб етиб келди. Токиода ҳам  омади чопмади:  маррага охирги бўлиб келди. Лекин Мардини шусиз ҳам ҳеч қачон умидини сўндирмаган ва бошқаларга умид бахш эта олган шахс эканини исботлади. Ҳозирда Юсра БМТ Қочқинлар масалалари Олий Комиссари бошқармасининг махсус элчиси ҳисобланади. Бундан ташқари у ўзининг сузиш мактабини очмоқчи. Мардини ҳақида Netflix фильм олишни режалаштирган.

 

12 ёшида саҳрони кесиб ўтган марафончи

 

Эритериялик Тахловини Габреэсос  такдири ҳам фильмлар учун  яхши сюжет бўлиши шубҳасиз.  12 ёшлигида унинг ҳаётига жиддий хавф пайдо бўлиши Габреэсосни ватанини тарк этишга мажбур қилади. 12ёшли бола саҳро орқали Судан ва Мисрни кесиб ўтади ҳамда Исроилга бориб, қочқин мақомини олади. Исроилда у енгил атлетика билан шуғулланади, уни маҳаллий клуб қўллаб-қувватлайди, шунингдек, ХОҚ махсус стипендиясини олади. 2021 йилнинг баҳорида Габреэсос Қочқинлар терма жамоасида биринчи бўлиб Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди.

 

Қочқинлар жамоаси орқали дунё тинчлик ва барқарорликнинг қанчалик муҳим эканлигини англаб етади. Ушбу жамоани тузишдан асосий мақсад ҳам аслида шу. ХОҚнинг энг катта хизмати шундан иборатки, қочқинлар ҳам бошқалар қатори инсонлигини, улар ҳам бошқа спортчилар билан тенг ҳуқуқларга эга эканлигини исботлай олди. Шунингдек, бу қочқинлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш томон ташланган катта қадам бўлди.

 

Қочқинлар терма жамоаси аъзолари аслида мутлақ чемпионлардир. Улар ҳаётнинг барча синовларидан муносиб ўтиб, иродаси ва умидини сақлаб қолган ИНСОНлардир.

Жаҳонгир Қўзиев

Ўзбекистон Осиё ўйинларини 5-ўринда якунлади: спортчилар 70 та медални қўлга киритди

Ўзбекистон Осиё ўйинларини 5-ўринда якунлади: спортчилар 70 та медални қўлга киритди

Оғир атлетикачи Акбар Жўраев жаҳон рекордини янгилади.

Роналду ва Жорже Жезус ярашиши мумкин: футболчининг жавоби кутилмоқда

Роналду ва Жорже Жезус ярашиши мумкин: футболчининг жавоби кутилмоқда

Аввалроқ Роналду Португалия терма жамоаси йиғинини муддатидан олдин тарк этганди.

Ўзбекистон Сурияни йирик ҳисобда мағлуб этди

Ўзбекистон Сурияни йирик ҳисобда мағлуб этди

Ўзбекистон терма жамоаси навбатдаги учрашувини  Жанубий Кореяга қарши ўтказади.

Мураббий билан можаро: Роналду Португалия терма жамоаси машғулотини тарк этди

Мураббий билан можаро: Роналду Португалия терма жамоаси машғулотини тарк этди

Воқеа мураббий матбуот анжуманида Роналду билан ўртасида ҳеч қандай можаро йўқлигини айтганидан кейин юз берган.

Осиё ўйинлари: Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Япония билан ўйинда пенальтилар сериясида ютқазди

Осиё ўйинлари: Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Япония билан ўйинда пенальтилар сериясида ютқазди

Энди Ўзбекистон бронза медали учун Хитойга қарши баҳс олиб боради.

«Челси» Абдуқодир Ҳусановнинг трансферини кўриб чиқмоқда — манба

«Челси» Абдуқодир Ҳусановнинг трансферини кўриб чиқмоқда — манба

Ҳусановга Англия Премьер-лигасининг яна учта клуби ҳам қизиқиш билдираётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон Эронни мағлуб этди: Шомуродов дубль қайд этди

Ўзбекистон Эронни мағлуб этди: Шомуродов дубль қайд этди

Ҳусайн Норчаев эса учрашув охирида ҳисобни 3:1 кўринишига келтирди.

Аичи-Нагоя-2026: Ўзбекистон делегацияси бир кунда 15 та медаль олди

Аичи-Нагоя-2026: Ўзбекистон делегацияси бир кунда 15 та медаль олди

Ўзбекистонлик спортчилар Осиё ўйинларининг навбатдаги кунида эшкак эшиш, каноэ ва байдарка, ўқ отиш, қиличбозлик ҳамда спорт гимнастикаси баҳсларида жами 15 та медални қўлга киритди.

Қочқинлар Олимпиадада янги ном билан иштирок этмоқда | Zamon.uz