Спорт

2024 йил Парижда бўладиган Олимпиадада ҳам олтин медаль олишга ваъда бераман — Акбар Жўраев

2016 йил Рио де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ёзги Олимпия ўйинларида оғир атлетикачимиз Руслан Нуриддинов Олимпиада рекордини ўрнатиб, чемпион бўлганди. Унинг ғалабаси халқимиз томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинган эди. Айни кунларда Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтаётган Олимпиадада яна бир оғир атлетикачимиз Акбар Жўраев олтин медаль соҳибига айланди ва Олимпия рекордини янгилади.

2024 йил Парижда бўладиган Олимпиадада ҳам олтин медаль олишга ваъда бераман — Акбар Жўраев

 

 

“Токио-2020” Олимпиадасида 105 кг вазнда қатнашган Акбар Жўраев жамоамиз ҳисобига иккинчи олтин медални олиб келди. Ҳамюртимизнинг чемпионликни қўлга киритиши осон кечгани йўқ. Жўраев беллашувнинг даст кўтариш машқида 193 кг билан асосий рақобатчиси арманистонлик Симон Мартиросяндан 2 кг ортда қолаётган эди. Бироқ силтаб кўтариш машқида 237 кг тошни кўтариб, умумий 430 кг билан Олимпиада рекордини ўрнатди. Жўраевнинг ушбу ғалабасидан сўнг делегациямиз 2 та олтин ва 1 та бронза медалга эга бўлди. Шу тариқа жамоамиз медаль жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида бир неча поғона юқорилашга муваффақ бўлди.

 

Қизиқиш — ғалаба пойдевори

 

Акбар Жўраев 1999 йил 8 октябрда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида туғилган. У болалигидан оғир атлетика спорт турига қизиқди. Акаси билан бирга тош кўтариб, спортга меҳр қўйди. Акбар Жўраев 12 ёшида Бўстонлиқ туманидаги Сойлиқ қишлоғидаги 11-мактаб спорт залида тайёрлана бошлади. Мактабни тугатганидан сўнг  Тошкент шаҳридаги республика олимпия заҳиралари спорт коллежида таҳсил олади. Бугунги кунда қаҳрамонимиз Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт институтининг 2-босқич талабаси ҳисобланади.

 

Руслан Нуриддиновни ортда қолдирди

 

Жўраев Олимпиада чемпионлигини қўлга киритгунга қадар бир қатор мусобақаларнинг ғолиб ва совриндори бўлган. Хусусан, у 2018 йил ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин медаль, жаҳон чемпионатида эса кумуш медални қўлга киритди. 2018 йил ноябрь ойида Туркманистон пойтахти Ашхабод шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида спортчимиз 102 кг вазн тоифасида даст кўтариш мусобақасида 180 кг оғирликни кўтариб, олтин медаль соҳибига айланди. Ўсмирлар ўртасидаги сўнгги жаҳон чемпионати чемпиони бўлди. 2019 йил Таиланднинг Паттая шаҳрида бўлган жаҳон чемпионатида эса кумуш медални қўлга киритди. Акбар Жўраев қайд этган 417 кг натижа ёшлар ўртасида жаҳон рекордини янгилади. 2020 йилда  Халқаро бирдамлик чемпионатида иккита машқ ҳисоби бўйича 410 кг кўтариб, чемпион бўлди. Жўраев шу йилнинг апрель ойидаги Осиё чемпионатида. 109 кг вазн тоифасида даст кўтаришда 194 кг, силтаб кўтаришда 234 кг (жами 428 кг) натижани қайд этиб, иккинчи ўрин соҳибига айланди. Спортчимиз шу йилги Ўзбекистон чемпионатида Олимпиада чемпиони Руслан Нуриддиновни 12 килограммга ортда қолдириб, Токио Олимпиадасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

 

Отасининг орзуси ушалди

Ҳафиза Норматова, чемпион онаси:

 - Фарзандимнинг чемпион бўлганидан бениҳоя бахтиёрман. Лекин, минг афсуски, унинг Олимпиадада олтин медаль олганини отаси кўролмади. Хўжайиним 2018 йил Ашхободда бўлган жаҳон чемпионатида Акбарнинг ғалабасидан сўнг хурсандчиликдан ўзига сиғмай қолди ва юрак хуружидан оламдан ўтди. Отаси ўғлининг келажакда Ўзбекистонимиз фахри бўлишини жуда ҳам хоҳларди. Мана бугун унинг орзуси ушалди. Ҳамма онага фарзандининг ютуғини кўриш насиб этсин. Ўғлимнинг чемпионлиги сабаб уйимиздан меҳмон аримай қолди. Айниқса, Президентимизнинг  эътирофидан бошим осмонга етди. Боламнинг эсон-омон етиб келишини интизорлик билан кутяпман.

 

 «Оғир тошларни кўтарса, онасининг жони ачирди»

Навруза Убайдуллаева, чемпион холаси:

- Акбаржон бугун ўз олдига қўйган барча орзуларига етишди, деб ўйлайман. Ота-онасининг орзу-ҳавасини амалга оширди. Ўзбек халқига мустақиллик байрамимиз олдидан муносиб совға ҳозирлади. Ҳаяжонимиз ҳалигача босилгани йўқ.  Акбаржон болалигидан акасига эргашиб мен ҳам оғир атлетикачи бўламан, деб юрарди. Мана бугун ниятларига ортиғи билан эришди. Онаси ўғлининг спортнинг оғир турини танлаганига ҳамиша хавотирда эди. Айниқса, оғир тошларни кўтарганида жони ачирди. Бироқ Акбаржон ўз аҳдидан қайтмади ва Олимпиада чемпиони бўлди. Гувоҳ бўлганларингиздек, бугун у халқимизнинг, Президентимизнинг юзини ёруғ қилди. 

 

   Сўз — чемпионга

Акбар Жўраев:

- Фурсатдан фойдаланиб, биз иштирокчиларни ғалаба сари қўллаб-қувватлаб турган барча-барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу ютуқ бир меники эмас, балки бутун Ўзбекистонимизники. Олтин медаль билан халқимизни қутлайман. Ғалабани қўлга киритишимда меҳнати сингган Ўзбекистон оғир атлетика федерациясига ва мураббийларимга раҳмат айтаман. Худо хоҳласа 2024 йил Парижда бўладиган Олимпиадада ҳам олтин медаль олиб, юртимизга ёруғ юз билан қайтишга ваъда бераман.

 

Жамшидбек АМИРОВ суҳбатлашди.

Ўртоқлик учрашуви: Ўзбекистон сафарда Жанубий Кореяга ютқазди

Ўртоқлик учрашуви: Ўзбекистон сафарда Жанубий Кореяга ютқазди

Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлмади.

Ўзбекистон Осиё ўйинларини 5-ўринда якунлади: спортчилар 70 та медални қўлга киритди

Ўзбекистон Осиё ўйинларини 5-ўринда якунлади: спортчилар 70 та медални қўлга киритди

Оғир атлетикачи Акбар Жўраев жаҳон рекордини янгилади.

Роналду ва Жорже Жезус ярашиши мумкин: футболчининг жавоби кутилмоқда

Роналду ва Жорже Жезус ярашиши мумкин: футболчининг жавоби кутилмоқда

Аввалроқ Роналду Португалия терма жамоаси йиғинини муддатидан олдин тарк этганди.

Ўзбекистон Сурияни йирик ҳисобда мағлуб этди

Ўзбекистон Сурияни йирик ҳисобда мағлуб этди

Ўзбекистон терма жамоаси навбатдаги учрашувини  Жанубий Кореяга қарши ўтказади.

Мураббий билан можаро: Роналду Португалия терма жамоаси машғулотини тарк этди

Мураббий билан можаро: Роналду Португалия терма жамоаси машғулотини тарк этди

Воқеа мураббий матбуот анжуманида Роналду билан ўртасида ҳеч қандай можаро йўқлигини айтганидан кейин юз берган.

Осиё ўйинлари: Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Япония билан ўйинда пенальтилар сериясида ютқазди

Осиё ўйинлари: Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Япония билан ўйинда пенальтилар сериясида ютқазди

Энди Ўзбекистон бронза медали учун Хитойга қарши баҳс олиб боради.

«Челси» Абдуқодир Ҳусановнинг трансферини кўриб чиқмоқда — манба

«Челси» Абдуқодир Ҳусановнинг трансферини кўриб чиқмоқда — манба

Ҳусановга Англия Премьер-лигасининг яна учта клуби ҳам қизиқиш билдираётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон Эронни мағлуб этди: Шомуродов дубль қайд этди

Ўзбекистон Эронни мағлуб этди: Шомуродов дубль қайд этди

Ҳусайн Норчаев эса учрашув охирида ҳисобни 3:1 кўринишига келтирди.